Инсон бугун ва эртага… - страница 4



Бўлимда Шохонов келтирган қизиқ бир маълумот диққатга молик. Яъни, Хитойда маданий инқилоб даврида зараркунанда ҳисобланган чивин, пашша, сичқон, чумчуқларни ёппасига қириб юбориш ҳақида эълон қилинган махсус давлат қарори ва шунга вобаста оммавий тус олган мантиқсиз хатти-ҳаракатлар нақадар кулгили, аянч оқибатларга олиб келгани инсониятга жиддий сабоқ бўлиши керак.

«Биз болалар боғчасидан, мактабдан бошлаб экологик таълим-тарбияга алоҳида эътибор бермоғимиз керак. Болалар ёшлик чоғиданоқ табиатга нисбатан бемеҳрлик, енгилтаклик қилинса, бу оғир оқибатларга олиб боришини билмоқлари зарур», – деб таъкидлайди Айтматов.

Ҳақиқатан, инсон экологик тарбия, экологик дунёқарашлари асосларини фақат эзгу саъй-ҳаракатлар йўлида шакллантирмоғи керак. Зеро, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бутун инсоният масъулдир.

Ишончимиз комилки, Ч. Айтматов ва М. Шохоновларнинг инсониятга қаратилган ҳайқириғи жавобсиз қолмайди. Аста-секин дунё мамлакатларида ер ости бойликларини қазиб олиш борасида замонавий техника ва технологиялар ишлаб чиқарилмоқда. Бундай қувонарли ижобий жараёнлар келажак авлодлар фойдасига хизмат қилади.

Шукрки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакатимизда экология борасида катта ўзгаришлар юз бермоқда. Жамиятимизда экологик тарбияга соғлом авлод тарбиясининг таркибий қисми сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Жамият ва табиат муносабатлари ёшлар онгига мунтазам сингдириб борилмоқда. Ҳар йили она-табиатга, ҳайвонот ва наботот оламига меҳр-муҳаббат мавзулари доирасида турли-туман маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ташкил этилмоқда. Бу хайрли ва эзгу ташаббуслар юксак маънавий камолотга элтади. Ҳозирги кунда юртимизда ўсадиган ўсимликлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, йўқолиш хавфи остида қолган холмон, ширач, саллагул каби камёб ўсимликлар Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоб”ига киритилган. Шунингдек, мамлакатимизда давлат қўриқхоналари, биосфера резервати, ноёб ҳайвон турларини кўпайтиришга ихтисослашган «Жайрон» экомаркази фаолият юритаётгани халқимиз нечоғли табиатпарвар эканлигидан яққол далолат бермоқда. Қувонарлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар янада кенг кўламда равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда. Чунончи, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилиши халқимиз она табиатга нақадар дўстона муносабатда бўлаётганидан ёрқин нишонадир.

Ҳа, донишманд адиб Айтматов нақл қилганидек, ер юзасидаги пурвиқор тоғлар, кўм-кўк денгизлар, зилол кўллар-у қуюқ ўрмонлар, нафосатга бурканган боғ-бўстонлар, кўзни яшнатувчи кўркам ландшафтлар, жониворлар ва ўсимликлар – бари-барчаси Яратган томонидан инсон ҳукмига ҳавола этилди. Ер юзида ҳаётнинг гуллаб-яшнаши ёки барбод бўлиши фақат инсоннинг хатти-ҳаракатларига боғлиқ.

Табиатни муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш, ҳайвонот ва наботот оламига меҳрли бўлиш ер юзидаги ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Шундай экан, сахий бағридан ноз-неъматлар пайдо қилиб, бизни тўйинтираётган, беқиёс нафосати билан кўнглимизни қувонтираётган она табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлайлик, азиз асрдошлар!