Инсон бугун ва эртага… - страница 8



Алоҳа, қудратли Беовульф ёвузликнинг дояси ва боласини буткул маҳв этиб, палид каллаларини ўткир ханжар билан кесди-да, қирол Хротгар саройига келтирди. Саройдаги эл-улус бу кун шодон кайфиятда: бахтиёр чеҳраларда озод туйғулар, эрк нашидаси тантана қилди. Мусаффо осмонда кабутарлар хушҳол қанот қоқиб, тинчлик қўшиғини куйлай бошлади. Чор-атрофдан музаффар Беовульф шарафига олқиш овозлари янграй бошлади:

– Яшасин халоскоримиз баҳодир Беовульф!

– Ёвуз кучларга ўлим! Даф бўлсин йиртқич одамхўрлар!

– Яшасин озодлик, ҳурлик!…

Озодлик ва эрк насимлари ичра таҳсин-олқиш овозлари поён билмасди. Эртасига «Буғу қасри”да халоскор қаҳрамон шарафига шоҳона зиёфат уюштирилди. Шодумон қирол Хротгар Беовульфга қимматбаҳо совғалар, зарбоф кийимликлар туҳфа этиб, ҳашаматли кемада ўз ватанига катта тантана билан кузатиб қўйди…

***

Олам яралибдики, абадийликка дахлдор икки қутб, икки куч мудом бир-бирини яксон этмоққа жидду жаҳд қилади. Мангу муҳораба майдонида эса эзгулик ва ёвузлик бандалари армон билан абадий уйқуга кетаверади. Армонлар ҳам мисоли икки қутб, икки ҳиссиёт…

Ибтидо ва интиҳо оралиғида бу сафар эзгулик ёвузлик устидан тантана қилди. Аламзада ёвузлик тарих саҳнасидаги қақшатқич мағлубиятини тан олишни ҳаргиз истамай, тишларини ғижирлатиб неча муддатга кураш майдонидан ортга чекинди. Ҳолбуки, вайронкор ёвуз руҳлар Грендель ва Люцифера танасини тарк этиб, покдомон руҳлардан ўч олмоқ мақсадида аллабир сафил манзил-мароҳилларда, қўланса кунжакларда, бадбўй мазгилларда бир муддат нафас ростлади ва таносух қилиб, қайтабошдан бир танада жипслашиб, Маммон исмли оловкор аждарҳо қиёфасида пайдо бўлиб, рўйи-заминга ўт уфура бошлади; қадамида нимаики дуч келса, аёвсиз куйдира бошлади…

***

Даҳшатли аждарҳо оғзидан устма-уст ер юзига олов пуркар экан, дам-бадам:

– Грендель учун, Люцифера учун, ёвузлик қурбонлари учун! – дея гулдурос солиб, қаҳ-қаҳ отарди. У шу тахлит ора-сира ерга қўниб, куч-мадор йиғар ва яна кўкка парвоз этиб, заминга олов пуркашда, одам болалари бошига кулфат-мусибат ёғдиришда давом этарди. Замин юзидаги ям-яшил ўт-ўланлар, ҳатто қулоч сиғмас дов-дарахтлар ҳам қуриб-қовжирай бошлади. Юртда мисли кўрилмаган қаҳатчилик, қурғоқчилик бошланди, одамлар нобуд бўла бошлади. Оловпуркар Маммон аждарҳо эса кўкда ҳамон гулдурак соларди:

– Ҳо-ҳо-ҳо! Куйдираман, ёндираман, қовжиратаман! Эзгуликни маҳв этаман! Ер юзида ёвузлик абадиян тантана қилур! Мени ҳалок этадиган куч йўқ дунёда!..

Ҳайҳот, шу асно бурқсаб ётган ер юзасининг қай бир бурчидан нимадир лаънати буюм визиллаб учиб келиб, нақ томоғига ғарчча санчилди! Ҳис этсаки, учи ўткир ингичка темир жисм экан лаънати! Жисмида кучли оғриқ сезган аждарҳо андоғ иҳраб юборди, кўз олди қоронғулашиб, парвозда мувозанатини буткул йўқотди ва шувиллаб ерга қулай бошлади. Аксига олиб, ўткир тиканакли сассиқ алафлар усига гурсиллаб тушди. Суяк-қовурғалари синиб, мажақ-мажақ бўлди. Боз устига, куйиндидан ҳосил бўлган чидаб бўлмас ачқимтир ҳид димоғини жаз-жаз куйдирди. Атроф қуюқ туман ичида қолгандек, кўзига ҳеч нима кўринмас эди.

– Ҳо-ҳо-ҳо! Яшасин эзгулик, битсин ёвузлик!..

Ажабо, атроф-оламни ларзага солган бу ҳайқириқ қайдан келди, қайси жонзот овози бўлди?!

Дабдурустдан талвасага тушган аждарҳо ўзини ўнглаб улгурмай, елкасига учи ўткир йўғон темир шундай зарб билан санчилдики, жон аччиғида ўкраб-ўкраб юборди. Ҳаял ўтмай, ер юзасини қоплаган ачқимтир дуд тарқалди, дафъатан ҳамма ёқ ёришиб кетди ва рўпарасида ғолиб одамзод пайдо бўлди. Бир қўлида қалқон, бир қўлида ялтироқ қилич! Бошида дубулға, эгнида совут! Ўткир нигоҳларида, юз-кўзларида бешафқат қасос туйғулари ўт пуркар эди! Маммон аждарҳонинг вужуди илкис қўрқинч туйғулардан бир қалқиб тушди – Беовульф!..