Силаи раҳм. Роман - страница 11
– Ундай дема. Одамзод мушкул чоғда бир-бирини қўлламаса бўлмайди болам.
– Унда ҳамма ўқувчиларингизни етаклаб кела қолинг! – энди жаҳлини яширолмай, икки қўлини икки ёнига ёзганча, мана кенг уй дегандек бақириб юборди. Онаси бир муддат ўғлига қараб жим турди-да, худди ёш боладек кўзларига ёш қалқиди, – Онанга тик қарагани уялмадингми болам? Сенга шундай тарбия берганмидим? – Искандар дарров онасини бағрига босиб уни овута бошлади.
– Онажоним, кечиринг билмасдан… жаҳлим чиқиб кетди-да. – кейин овозини пасайтириб деди, – ахир унга яхшилаб қаранг, ким-лигини билиш қийин эмас-ку, кўча бангиларидан. Ниятини билиб бўлмайди, биринчи синф боласимас ҳар ҳолда.
Ая ўзини ноқулай ҳис этиб, гоҳ-гоҳ титраб кетаётган қўлларини яшириб ўзини чалғитишга уринаётган Анварга қараб йиғламсираб:
– Биламан, кўриб турибман, шунинг учун ҳам олиб келдим-да.
Қарасам, йўл четида жунжикиб ётибди шўрлик. Аввал ҳам кўрган эдим, айб ўзида, ўқиса одам бўларди, деб ўтиб кетаверардим. Аммо қуръонда «жардаги инсонга қўлини чўзганга, мен жаннат эшигини очиб қўяман.» деган мазмундаги оятни ўқиб шундоқ уялдим.
– Қуронда айнан шундай дейилган эканми? – дея, ўйлаб гапиринг
Аллоҳнинг сўзи билан ўйнашманг, жавоби оғир бўлади дегандек урғу берди Искандар. Ая ўйлаб қолди-да:
– Мен айнан деганим йўқ, шу мазмунда дедим. Ҳар ҳолда мен Шундай тушундим. —деб юзини аразлагандек ёнга буриб, ёш боладек қўлини қовуштириб лабларини чўччайтирди. Бу қилиғи билан Искандарни жахл отидан тушириб, ўз эркаллиги билан унинг юзига пича табассум югуртирмоқчи бўлди. Ва бунга эришди ҳам, Искандарнинг юзига табассум югуриб сал бўшашди ва онасини қаттиқ қучоқлади. – Болам, ахир уни ҳеч ким танимайди, бу атрофда қариндош-уруғлари ҳам йўқ. Биттагина тоғаси ҳам ўлиб кетган. Онасидан эса шу кетганча дарак бўлмаган. Мендан бошқа ким унга қўл чўзади деб, Аллоҳдан қўрққанимдан уйимга олиб келдим болам. Унга юрагим ачишди болалигида яхши ўқирди, зеҳнли бола эди.
– Тушунаман онажон, аммо уйимиздан у-бу нарса ўғирласа-чи? – эшиттириб гапирди Искандар. Она худди бир боласини иккинчисидан химоя қилаётгандек, ўғри деб сифат берилиши унга ёқмади, гарчи бунга унчалик ишонмаса-да уни ҳимоя қилди, – Ўғирламайди! —деди чуқур хўрсинганча.
Ўғли онасини қизғондими, ёки шу билан онасини аҳдидан қайтар-моқчи бўлдими.
– Бўлмаса мен кета қолай! – деди жаҳл билан, икки қўлини силтаганча.
– Сен шундоғам кетаяпсан-ку болам. Ҳиндистонда бошқа инженер қурибдими-ки, сен бормасанг, – деб онаси боғчага ташлаб кетилаётган болакайдек ўғлига мўлтиради. Бу нигоҳ бояги эркаликдан сўнг жаҳл отида, эгар жабдиқни бўшаштириб турган ўғил юрагини батамом юмшатиб, онасини бағрига босишга сабаб бўлди.
– Ойижон нима қилай, ахир ишим шунақа. Мен у ерда малака ошираман. Келгунимча сиз ўзингизга ёққан қизни топиб қўйсангиз, тўй қиламиз, нима дедингиз, – деб онасининг кўз ёшларини артиб, эркалаб қўйди. Эрининг ўлимидан кейин у ўғлига анча суяниб, қўнгли салга юмшаб кетадиган бўлиб қолганди.
– Ҳали ҳам уйланганинг йўқ, опаларинг сенга алла қанча сулув қизлардан топиб қўйишган, сен бўлсанг…
– Бўлди-бўлди ойижон, нима десангиз шу, майли қолса қола қолсин, фақат йиғламанг! Касал болиб қоласиз аҳир.
Анвар, она-боланинг муросаларига, деворга суянганча ҳавас билан қараб турарди. Бу гапларни эшитиб, кетмоқчи бўлди-ю, аммо у онасини энди топгандек, бу ердан қетгиси келмасди. Оила нимали-гини у шунча йил деганда мана энди кўрди. Овқатланиб ўтириб, у ёқ-бу ёқдан гаплашишди. Искандар худди жиноятчини сўроқ қилаётган прокурордек ундан ҳеч кўзини узмас, ҳали шошмай тур, мен сени йўқотмасамми, дегандек ўқраярди. У овқатини еб бўлди ҳамки, бу кўзлар уни ҳали ҳам таъқиб қиларди. Анвар ўзини ноқулай ҳис этиб, секингина уларга ўхшаб сочиққа оғзини артгач таҳлаб қўйди. У қанча ўзини уларга ўхшаб тутишга ҳаракат қилмасин, қўллари титрашдан тўхтамас, гаплари чалкашиб кетарди. Ахир шунча йил оғу ютиб унинг асаб тизимлари анча толиққан эди-да.