Силаи раҳм. Роман - страница 12



– Мен бора қолай, – деди худди қўша-қўша уйлари уни кутиб турган, меҳмонга келган аристократдек қаддини ғоз тутиб.

– Қаерга борасан болам? Барибир борар жойинг йўқ, қолавер, – деди ая.

Анварга бу таклиф ёқди-ю, аммо ҳайиқиб кўз қири билан Искандарга қаради. Шунда устози Анварга, – Қўрқма емайди, Искандар келаси душанбада Ҳиндистонга учиб кетади, хонаси сенга қолади. Менга ҳечам зараринг тегмайди. – деди жилмайиб. Бу гапдан Искандарнинг энсаси қотиб, юзини дераза томонга бурди. Искандарни шубҳаси аримаганини Анвар жудаям яхши билиб турар, шу сабаб имкон қадар унинг кўзидан узоқ бўлишга ҳаракат қиларди.

Бир ҳафта шу ердаман, ҳамма ишимни ташлаб, шу йигитни уйдан йўқотишим керак, билиб бўладими, нияти нима уни, деди ўзига ўзи Искандар.

Биринчи сабоқ

Шу кундан унга тузоқ қўя бошлади. Эрта тонг Анвар юз-қўлини ювиш учун ваннага кириб кетганида, Искандар унинг каравотини яхшилаб текшириб олди ва ўзининг пулларини санаб, ундаги рақамларни блокнотига бирма-бир ёзиб, жавонга жойлади. Анвар ҳам кийимини шу ерга қўйишини билиб, чўнтагига эллик мингни жой-лади-да, айнан унинг ёнига, худди пулини олиб қўйиш эсидан чиқ-қандек курткани илиб, ичкарига кириб кетди. Анвар бир чети кўриниб турган, бир кисса пулни олишига Искандар амин эди. Уни шу баҳона онасини хафа қилмаган ҳолда, уни уйдан чиқариб юбормоқчи бўлди. У режани аниқ тузиб чиққанди. Анвар унинг кетидан келиб, киссадаги пулни кўриб кўзлари ўйнаб кетди, беихтиёр пулга чангал солди, киссасига солмоқчи бўлди. Бироқ ичидан нимадир уни тўхтатиб қолди. «Нима қилаяпсан Анвар, сенга меҳрибончилик қилиб, совуқда қотиб қолмасин деб уйидан иссиқ жой берган одамларнинг пулини ўғирлаяпсанми,» деди ички бир овоз. У гоҳ пулга суқланиб қарар, гоҳ атрофга алангларди. У бу пул билан неча кун маишат қилиши мум-кинлигини ўйларди. Ҳаяжондан вужуди қизиб кетди. Балки биттасини оларман, билиб ўтирибдими, тушириб қўйдим деб ўйлайди тамом. Деди-ю, биттасини секин қўлига олди, Меҳрибон ая ичкаридан чиқа туриб, уни Искандарнинг чўнтагига қўл суқаётганини кўриб қолди. Бундан у ҳайратланмади, эшикни овозсиз ёпаркан, – эссиз, тарбия кўрмаган-да, – деди. Шу пайт хаёлига бир фикр келиб суюниб кетди. У куёвининг туғилган куни яқинлашаётгани учун, яхши куртка сотиб олган эди, уни олиб чиқди-да, энди столга ўтирган Анварни турғазиб, – Қани болам, шуни бир кийиб кўрчи, – деди.

– Нега, нима бу?

– Кеча пенсиямдан сенга атаб куртка олдим. Бир кийиб кўрчи, лойиқ келармикан?

Анвар минг ҳижолат билан курткани кияркан, кўзларини аядан олиб қочди.

– Бошингни кўтар болам, савлатингни бир кўрай қани, ярашганини қара. Тоҳир-а, Тоҳир. Буюрсин, муборак бўлсин.

– Керак эмас аяжон, нега овора бўлдингиз, ўзимнинг курткам ҳам ёмон эмас. Пул топсам, сотиб оламан ўзим.

Кирлигидан ялтираб, увадаси чиқиб кетган, йиртиқ курткасини, кўнгли оғримасин деб камситгиси келмади. Гап ичидаги гапни тушу-ниб ол дегандек, – У юпқа, ёмғир-қорга тўғри келмайди. Ҳали бир жойга ишга кирганинг йўқ. Нима ўғрилик қилиб топасанми? Ҳеч-да, мени болам ҳалол, бировнинг бир тийнига ҳиёнат қилмайди. Шунинг учун эски кийсам кияман-у, аммо меҳнатсиз ош керак эмас деяпсан-да тўғрими, сувингизни ичиб, тузингизни еб, дасмоянгизга ҳам ёпишаманми, деяпсан-да, вой, ҳалолгина боламдан ўргилай.

Анвар ундан бу гапни кутмаган эди. Бошига гурзи билан ургандан ҳам баттар таъсир қилди бу гап. Бу сўзларни айтгандан кўра, ингичка хипчинни сувга бўктириб савалагани-да, шу қадар аччиқ ботмаган бўларди. Курткани кийиб, икки четига китоб тўлдирилган, ўртасига 80-йилларнинг урфида бўлган, бир-иккита чинни идиш ясатилган жавонга ўгирилганча, куртканинг замогини ўйнаб, – билдимикан, йўғ-ей бўлмаса уйидан аллақачон ҳайдаб соларди. – деган хаёлда эсанкиради. Ая хонасига кириб, эшикни ичкаридан ёпиб, уни зимдан кузатди.