Силаи раҳм. Роман - страница 4



Ҳар эшик очилганида, Анварнинг кўзлари катта очилиб яшнаб кетар, бегона одам кирганини кўриб бир ҳўрсиниб қўярди.

Шоира эса шу тобда дугоналари билан маишат дастурхонида эди. У Отабекни кўнглини олишга уринарди. Отабек эса унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамади, аксинча маъсума аёлларни кўпроқ ҳурмат қилишини айтиб, Шоирани силталаб ташлади. Ўзини ёқтирмайдиган йигитларга суркалгунча, уларга ўзини хор қилгандан кўра ўғлининг байрамига келганида балки… ҳа балки.

Мактабда деярли ҳеч ким қолмади, байрам аллақачон тугаган. Аммо Анвар, онам келиб қолсалар, ҳеч ким йўклигин кўриб ранжий-дилар, дея кечга қадар мактаб дарвозасида онасини кутди. Қиш, қаҳ-ратон совуқ, атрофда тирик жондан фақатгина дайди ит, дарвозадан сал нарироқда чиқиндиларни титиб, ризқини излаяпти. Дабозадан икки уч қадам нарида, тагидан илдизлари азбаройи қавариб кетганидан, мактабнинг деворини ўрнидан силжитиб, қийшайтириб қўйган қари, ёввойи тут дарахтининг шоҳлари эса, бот-бот эсиб қўяётган совуқ шамолда, сумалакларини бир-бирига урганча, гўё болакайнинг дардини куйга солаётган бастакор каби майин садо бераяпти. Мактаб ҳовлисида болалар сирпанчиқ учамиз дея, дўнг-ликка сув қуйиб ҳосил қилган яҳмалак, ора-чора булутлар орасидан милт этиб тушиб қолаётган қуёшнинг нурида ялтираб кўриняпти. Анварнинг миттигина бармоқчалари музлаб қолди. У бармоқларини гоҳ курткасининг енги ичига тортиб иситмоқчи бўлар, гоҳ уларни иссиқ нафаси билан пуфлаб иситмоқчи бўлар, гоҳ бир-бирига ишқалаб яна чўнтагига солиб оларди. Этикчасидан сув ўтган шекилли панжа-ларини иситиш мақсадида турган жойида сакрарди, у сакраганида орқасидаги папкаси, у билан бирга силкиниб, ичидаги китоб-дафтарларининг овози шақиллаб асабига тегарди. Мактаб ичкари-сидаги қоровул уни кузатиб турди-да, чидолмай унинг олдига чиқди.

– Ҳей бола, сен нима қилиб турибсан? Уйинга кетмайсанми? —

Анвар қоровулдан чўчиб кетди, мушук боласидек кўзлари мўлтираб:

– Ҳозир ойим келишлари керак кутаяпман, – деди.

– Бўлмаса ичкарига кириб турмайсанми, совуқда шамоллаб, бир

касални орттирасан-ку бунақада, – деб бақирди болага жони ачиб.

– Раҳмат амаки, ойим мени кўрмай кетиб қоладилар.

– Сен уйга боравер, мен онанг келса уйга кетганингни айтаман

хўпми, болам. Ҳа демай қоронғи тушади борақол, – деди қоравул.

Лаблари кўкариб кетганидан бир-бирига баъзўр тегиб гапираётган Анвар хурсанд бўлиб, раҳмат амаки, – деди-ю уйига югуриб кетди. Анваржон кайфиятини туширмади, нима бўлибди, ойижонимга бай-рам ҳақида ўзим гапириб бераман, деб ўзини овунтирди. У уйига кетаркан ҳеч қаерга чалғимай балки, онам келаётгандирлар дея узоқ бўлса ҳам одамлар гавжум кўчадан юрди. Ора-чора ҳамма ёш жувонларга назар солиб борди. Шу алфозда у уйига келиб қолганини ҳам сезмай қолди. Уйининг деразаси ёпиқ. Чироқ ёқилмаган, демак ойим йўқлар, дея йўлак (подезд) ёнидаги ўриндиқда папкасини қўйиб, дераза тарфдан кўз узмай ўтирганида, кўзи илиниб уҳлаб қолди. Унинг ширин уйқусини кимдир бақириб, папкасидан тортиб бузиб юборди.

– Анвар болам, тур бизникига кирақол, қорнинг очиб кетгандир-

а, – деди эгнидаги қора мехли пальтонинг ёқасини, бир қўли билан гижимлаганча. Бувиси тенги келадиган, сочларидаги оқлари анчадан бери бўялмагани учун ўсиб кетиб, кўзга ташланиб турган Раҳима хола. Анвар уйқисираганча папкани қаттиқ қучоқлаб, ҳали ўзига келмаган кўзларини ишқалаганча, – йўқ қорним очмади. – деди.