Силаи раҳм. Роман - страница 6



Юзига ёпилган эшик уни батамом ўзгартирди. У гўёки бир зумда йилларни босиб ўтиб, катта бўлиб қолди. Ичкаридан кўриш учун мўлжалланган эшик тирқишидан кўз узолмай қотиб турарди. Ҳозиргина ҳатто ҳаводан қизғанаётган фахрий ёрлиқ энди зинадан пастга, патдек учиб тушди. Бинобарин энди Анварни бу, умуман қизиқтирмасди. Секин пастлаб бораркан, зинапояни силаганча, оёги остидаги ўша фахрий ёрлиқни босиб ўтганини ҳам сезмай қолди. У узоқ вақт кўчада ўтирди, кеч кирди, ҳамма уй-уйига кириб кетди. Анвар ҳали ҳам кўчада, оч-наҳор. Кўзидаги ёшини тўкмасди-ку, аммо лаблари титраганидан унинг дод солаётганини билиш қийин эмасди.

Кеч коронғисида ниҳоят ўша амаки уйдан чиқиб кетди. Анвар судралибгина кириб келди. Онаси ойнадан ярим белигача осилиб, ҳалиги эркакни кузатиш билан овора. Анвар папкасини судраганча ошхона тарафга юрди, онаси эса столга ишора қилиб:

– Дастурхонда қолганларини еб, ҳамма идишларни ювиб уҳла-

гин, – деди худди катта болага иш буюргандек. Ва ичкарига кириб эшикни ёпиб олди. Стол устида ноз-нематдан узум, иккита бўлак колбаса ва ярим баклашка кока кола колган экан. Анвар таниб бўл-мас даражада ўзгариб кирганди, у ликопчадаги иккита колбасага узоқ тикилиб ўтирди-да, худди бошига катта ташвиш тушган, ёки бор-будини ютқазган қиморбоздек, бир оёғига тирсагини тираб, тун ярмигача столга термулган кўйи ўтириб, тонгга яқин уҳлаб қолди. Шоира эрталабгача телефонда гаплашиб, янги маъшуқининг кўнгли-ни олиш билан овора эди. Улар катта режалар тузишар, Сардор янги русумдаги машинаси билан мақтанар эди.

Йиллар ўтиб, Анварнинг ўкишга умуман қизиқиши қолмади, бора-бора у иккичилар қаторига тушиб қолди. 7-синфда колганлиги учун уни синфдагилар устидан кулишарди, аммо у бунга унчалик эътибор бермасди, аксинча синфда йигитларнинг зўри (пахан) бўлиб олганди. Дўстлари (мактабни битирган Алишер ва Собир) уни сигарет билан таъминлаб турадиган бўлишди.

– Анвар, ану қиз нечиво экан лекин, – деди кунлардан бир кун Алишер.

– Қайси?

– Қизил папкали, – у Зилолани кўрсатди. Қиз Анварга ҳам ёқарди-ю, Анварнинг назарида, қиз бола бўлажак фоҳиша деган тушунча шаклланиб улгурганди.

– Нимаси чиройли? Ўзича фаришта, – деди унга жирканиб боқиб.

– Собир, ман айлантирими шу қиззи? – деди бошқа бир йигит.

– Йиғиштир! Сигаретдан ол ундан кўра, – деди Анвар. Унинг Аёл кишига нафрати шундок сезилиб турарди. Мактабни тугатаркан ҳамма ота-оналар болаларини табриклашини кўриб Анвар ўзига ачиниб кетти шекилли, кўз ёшини беркитиш мақсадида одамлар орасини зарда билан ёриб ўтиб, мактабдан яшин тезлигида чикиб кетди. Ўртоқлари мактабда хурсандчилик қилар, ўкитувчилар билан хайрлашар, ота-оналарининг меҳридан еттинчи осмонда эди. Анвар эса сув бўйидаги чинор тепасидан уларни кузатиб ўтирарди.

Беғубор муҳаббат

Синфдоши Нодира ўғринча у томонга қараб қўярди. Болаларча севги, аммо бу болалар қаердан ҳам билсин эртага уларни нима кутаётганини. Нодиранинг оиласи ўқимишли оила, шу сабабдан уни ўқишига бефарқ эмасдилар.

– Болам, мана мактабни ҳам битирдинг қара, – дея кўз ёшини артди, Нодиранинг онаси, худди ўзи мактабни тамомлагандек. Нодира эса эрка эмасми, дугоналари билан овора. Ора-чора Анварга узокдан назар соларди. Нодира ҳеч нимани ўйламас, фақат китобини ўқиса бас эди, шунинг учун ҳаммани шундай кўрарди. Бот-бот у Анварга:

– Бу дунёда ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ, биз яхши ўқисак ҳаммаси ўзидан-ўзи йулга тушади, – дерди.