Силаи раҳм. Роман - страница 7



– Бўлмаган гап, сени ота-онанг сен учун қайғуришади, сенга далда бўлишади. Менгачи? – деди хўрсиниб Анвар.

– Уларсиз ҳам, мен ҳамма нарсага эриша оламан! – деди ишонч билан. Худди шу пайтгача нимага эришган бўлса, ўзининг сайи- ҳаракати билан бўлди, деб онгига қуйиб олган қиз. Анварнинг олдида узун, офтобнинг нурида гоҳ жигарранг, гоҳ қихғиш бўлиб товла-наётган сочларини у ёқ-бу ёққа бармоқлари билан тараганча, балоғат ёшидаги йигитнинг ҳали жиловланмаган ҳисларини жунбушга келаётганидан бехабар, эркаланди.

Нодиранинг шамолда гоҳ-гоҳ учиб юзини тўсаётган соч толалари ва гапирганида ора-чора кўриниб, юзидаги ҳусннини янада тароватли қилаётган табасуми ичра мўралаётган оппоқ тишлари, майин табасумида пайдо бўлаётган ёноқларидаги кулгичлари қаршисидаги йигитни батамом ўзига мафтун этганди. Ундан таралаётган жаннат ифори ҳавода айланганча бот—бот сабза мўйлаби ниш ураётган йигитнинг димоғига урилиб бошини айлантирар, гўё маст кишидек бу фариштанинг ердаги тимсоли, момо Ҳавонинг қайсидир ҳислатини ўзида кашф эта билган, аммо оёқлари жаннат тупроқларини босмай ер куррасининг охир замонидаги ўзига таниш бўлган Одам атонинг зурриёдини топиб олгандек, унинг қалбидаги ҳали ўзига-да нотаниш туйғуларни шаккиллантиришга ундарди. Анвар мийиғида кулиб қўйди-да, орзулар осмонида қанотини кенг ёзиб парвоз қилаётган қизалоққа:

– Кўрамиз, – деди. Ҳа, Анвар ҳақ эди. Бу дунёда ҳамма нарса ўзаро шу қадар боғлиқ-ки. Бир одам ўзи ҳар қанча ақлли, истеъдодли бўлмасин яқин кишингни сенга ишончи, қўйингки бир бор «балли» деган сўзидан қудратли эмасди. Нодира мактабни битириб улгурмасидан уни юридик коллеж кутиб турарди. У Анварга:

– Шунчаки ҳужжатингни топширсанг бўлгани, юр ҳаракат қилиб

кўр, – деди. Нодиранинг отаси унинг ўқишга кириш йўлидаги ҳамма тўсиқларни бартараф қилиб қўйганидан хабари йўқ-да, гапираверади.

Хат

Анвар уйига келиб, овқат қилди, кечга дастурхон тузади, онаси билан шу ҳақда маслаҳатлашмоқчи бўлди. Аммо она ўша куни уйга келмади. У, онам кечаси келиб қолса еб олар, деб овқат устига докани ташлаб уйқуга кетди. Эрталаб турса дастурхонга қўл тегилмаган. Оппоқ дока ноннинг устига қандай ёпилган бўлса шундай турар, атрофида иккита ҳира пашша, деразадан тушаётган офтобнинг илиқ нурида ғиз у ёнга, ғиз бу ёнга учиб Анварнинг ғашига тегарди, кечаги дастурхоннинг бузилмаганидан Анвар билдики, онаси келмабди. У жуда ҳавотир олди, ўзини қаерга қўйишни билмай тоғасига қўнғироқ қилди. Ака-сингил унча чиқишмаганлиги учун, уларнинг борди- келдиси йўқ. Тоғаси ота-уйига синглисини ташлаб, оиласи билан бошқа уйда турарди. Уч-тўрт кундан сўнг онасидан хабар келди, гўёки у Анварнинг тоғасига смс хабар юборибди:

«Ўғлим Анвар, сен катта бўлиб қолдинг. Мана мактабни ҳам битириб олдинг, энди ишга кириб ўзингни эпла. Мен сени деб ҳаётда нима кўрдим, умримни сенга баҳшида қилиб чарчадим. Мен ҳам яшашим керак-ку ахир. Ҳозир Туркиядаман, ҳаётимни изга солишим керак, шу сабаб ўзингни асра.»

Буни ўқиган Анварнинг кўзидан тирқираб ёш оқиб кетди, йигит бошига энди кўз ёшларини ушлаб қололмади. У тоғасининг олдида ҳеч нимани кўрсатмаса-да уйига боргач, бармоқларини тишлаганча овозини баралла қўйиб, дод солиб йиғлади. Унинг овозидан остидаги ер бош кўтариб унга далда бериш истагида ўз бағридан чанг тўзон кўтариб атрофга шамол турди. Ўйнинг деразалари шамолда силкиниб, гўё «мен ёнингдаман, сен ёлғиз эмассан» деётгандек очиқ деразадан кирган шамол унинг юзидан майин силарди.