Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - страница 4
Энг самарали бошқарув усули – бу одамларга танлаш эркинлигини беришдир. Ҳаётда қайси касб эгаси бўлишни, одамларга қандай наф келтиришни, қандай эътиқодга эргашишни, қайси маълумотга ишониш-ишонмасликни шахслар ўзи танласин. Шунда ҳар ким энг самарали усулда жамиятга фойда келтирадиган бахтли ҳаёт тарзини танлайди.
Албатта, бу усул таърифлангандай ишлаши учун, жамият кучли шахслардан ташкил топган бўлиши зарур. Бунга эса тўғри тарбия ва таълим орқалигина эришиш мумкин. Ҳар қандай кучли жамият пойдевори оиладаги тарбия ва мактабдаги таълимдан бошланади. Фарзандларимизга кучли шахс бўлишга, жамият ҳаёти ва давлат тузилмасида ўз ўрнини топишга, бошқаларга ҳурмат нима экани англай билишга ёрдам берсак – давлат организмини янада кучайтирадиган ҳужайраларни етиштирган бўламиз.
Ўзаро ишонч ва ҳурматдан бошқа қадриятга асосланган шахс-давлат муносабатларида икки томондан бири ёки иккиси мудом азият чекишга маҳкум. Шахснинг азияти – унинг бахтсизлиги бўлса, давлатнинг мағлубияти – унинг ожизлашишидир. Бунда на шахс ютади, на давлат.
Соғлом ҳужайралар
Нима деб ўйлайсиз: организм қачон соғлом бўлади? Бу саволга турлича жавоб берса бўлади, шундай эмасми? Лекин умумий тарзда тахминан қуйидагича жавоб бериш мумкин: организм уни ташкил қилган барча ҳужайралар соғлом бўлсагина соғлом бўлади.
Демак, соғлом жамият маънавий соғлом шахслардан ташкил топиши керак. Хўш, жамиятни ташкил қилган ҳужайралар соғломлигини нима белгилайди? Улар бахтли ва ўз ҳаётидан мамнун бўлса – мана шу соғлом шахслардир. Одам ўз ҳаётидан мамнун бўлса, унда бузғунчи ишлар қилишга интилиш пайдо бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳаётидан мамнун одамга пора бериш, кимгадир ғайирлик қилиш, бир нималарни талашиш керакми? Албатта йўқ. Демак, жамият қонунларига амал қиладиган одамлар одатда бахтли одамлардир.
Хўш, қачон одам ўз ҳаётидан мамнун бўлади? Ушбу туркум китоблари орқали суҳбатларимиз бу саволга жавоб беришга қаратилган. Одам бахтли яшаши учун унга сергаклик керак, у ўзи севган касби билан машғул бўлиши керак, мақсадларини аниқ билиши ва шу мақсадлари томон хотиржам бориши керак.
Одамлар сергак бўлиш ва ўз шахсиятларини кучайтиришга ўзлари масъуллар. Ана шундай масъулиятини ўз қўлига ола билганлар қаторида биз ҳам шу китобни ёзяпмиз ва ўқияпмиз.
Аммо иккинчи шарт бажарилиши учун (биз севган касбимиз билан шуғулланишимиз учун), давлат ва жамият бунга шароит яратиши лозим. Мана шу ерда давлатнинг алоҳида шахсларга бўлган муносабати тўғри йўлга қўйилмаган бўлса – унда жамиятни ташкил қилган ҳужайралар касалланади. Яъни ҳар ким ўзи севган касбни эгаллай олмайди.
Ўзи қизиқмаган ва суймаган иши билан шуғулланган одам худди ўз имконидан ташқари ишни қилаётган ҳужайрага ўхшайди. Қондаги кислород ташувчи ҳужайралар айнан тананинг барча қисмига қувват манбайини етказишга мослашган – агар улар бошқа вазифани бажаришига тўғри келса, улар буни самарали уддалай олмайдилар ва тана соғлиги хавф остида қолади.
Агар давлат қайсидир соҳаларни тарғиб қилишга ўта катта аҳамият бериб, бошқа соҳаларни эътиборсиз қолдирса, жамиятда шу тарғиб қилинган соҳага сунъий қизиқиш пайдо бўлади. Айтайлик, давлат ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларни тарбиялашга кўпроқ урғу бериши мумкин. Бунда аслида иқтисод ёки ҳуқуқ соҳасига қизиқиши бўлмаган ёшлар ҳам шу соҳаларни эгаллашга уринадилар. Ваҳоланки, сунъий қизиқиш ортидан иқтисод ёки ҳуқуқни танлаган ёшларнинг орасида муҳандислик ёки микробиологияга кучли мойиллиги бор иқтидор эгалари бўлиши мумкин. Жамиятга муҳандислар ва микробиологлар ҳам керак – жуда керак. Уларнинг аҳамияти иқтисодчи ёки ҳуқуқшуносларникидан асло кам эмас.