ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИ - страница 14
Хизматкор чиқди. Яна қайтиб кириб, деди:
– Тўғри, хўжайин. Бедага ўхшайди.
– Қаердан олиб келишяпти экан, билмайсанми? Эҳтимол, қирғизлар тоғидан эмасмикан?
– Билмадим.
– Боргин-да, билиб кел.
Хизматкор кетди. Яна қайтиб кирди.
– Хўжайин! Тўппа-тўғри, қирғизлар тоғидан экан.
– Билмайсанми, беда биринчи ўримникимикан ёки иккинчи ўримники?
– Билмадим.
– Ундай бўлса бор, билиб кел!
Хизматкор чиқди. Яна қайтиб кирди.
– Хўжайин! Биринчи ўрим!
– Билмайсанми, неча пулдан экан?
–Билмадим.
– Бор, билиб кел.
Борди. Қайтиб келди ва айтди:
– Хўжайин! Беш сўмдан экан.
– Арзонроқ беришмас эканми?
– Билмадим.
Шу пайт Абдулла кириб келди ва деди:
– Хўжайин! Олдимиздан қирғизлар тоғидан келтирилган биринчи ўрим бедасини олиб ўтишди. 5 сўмдан сўрашди. Аравасига 3 сўмдан савдолашдик. Мен уларни ҳовлига ҳайдаб кирдим, ҳозир туширишяпти.
Хўжайин биринчи хизматкорга қараб:
– Энди нима учун сенга беш сўм, Абдуллага эса эллик сўм тўлашимни тушунгандирсан?– деди.
Ўйинни кузат
Зийрак ва эътиборли бўл. Умумий манзарага диққатни жалб қил. Қисқа муддатли эмас, узоқ муддатли истиқболга қара. Майда-чуйдаларга ўралашиб қолма.
Бурнидан нарини кўрмайди ёки дарахтлар ортидаги ўрмонни пайқамайди дейишганда айнан шуни назарда тутишади.
Туннелли кўриш
Бу нега сен билан содир бўлди? Бунга ўзинг айбдормисан? Балки сенга туннелли кўриш хасталигинг халақит бераётгандир? Эҳтимол, ўзинг билмайдиган, аммо сенга таъсир кўрсатадиган анчайин глобал жараёнлар юз бераётгандир?
Вазиятда “умумий манзарани”ни кўришга ҳаракат қил. Ўзгаришларни вақтида аниқла ва ўз фойдангга ишлат.
Унча аҳамиятсиз бўлган ўзгаришлар умумий манзарага ва ҳатто тақдирингга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Гоҳида баъзи бир нарсаларни аниқроқ кўриш учун узоқлашиш керак бўлади.
Гўзалликни идрок қилиш ҳақида
Изғиринли январь тонгларининг бирида Вашингтондаги метро бекатида бир киши туриб олди ва скрипка чала бошлади. 45 дақида мобайнида у 6 та асарни ижро этди. Шу вақт ичида унинг ёнидан мингдан ошиқ одам ўтди, чунки тиғиз вақт пайти эди, улардан кўпчилиги ишга шу йўлдан борарди.
45 дақиқалик концерт пайтида фақат 6 киши бир муддат тўхтаб, уни эшитди, яна 20 киши тўхтамасдан пул ташлаб ўтди. Мусиқачининг чойчақаси 32 долларни ташкил этди.
Ўткинчилардан ҳеч ким скрипкачи дунёдаги энг яхши мусиқачилардан бири Жошуа Белл эканлигини билмади. У шу пайтгача ёзилган энг мураккаб асарлардан бирини ижро этди, 3,5 млн. долларлик Страдивари скрипкаси эса мусиқа асбоби бўлиб хизмат қилди.
Метрода чиқиш қилишидан икки кун олдин чипта нархи ўртача 100 доллар бўлган унинг Бостондаги концертида аншлаг бўлган эди.
Жошуа Беллнинг метродаги концерти Вашингтон Пост газетаси томонидан одамларнинг инъикос, таъб ва устувор нарсалари ҳақида ўтказилган ижтимоий тажрибанинг бир қисми эди: кундалик муҳитдаги ноқулай паллада биз гўзалликни ҳис эта оламизми? Унга баҳо бериш учун тўхтаймизми? Кутилмаган вазиятда истеъдодни таний оламизми?
Бу тажрибадан келиб чиқадиган хулосалардан бири қуйидагича бўлиши мумкин:
Агар биз сайёрамизнинг энг яхши мусиқачиларидан бири ижросидаги қачонлардир ёзилган энг яхши мусиқа асарларини эшитиш учун бир оз тўхташга вақт топа олмасак, агар замонавий ҳаёт суръати шу қадар ўзига қамраб, биз бу каби нарсаларга кўр ва кар бўлиб қолаётган эканмиз – у ҳолда яна қанча нарсаларни назардан қочираяпмиз экан?
9-ҚОИДА. УЛКАН ФИКРЛАШ
Номукаммалликни нишонга олиб, унга теккизгандан кўра, мукаммалликка ўқ узган ва теккиза олмаган яхшироқ. Т.Ж.Уотсон