Алламжонов айбдор - страница 14
Коммунистик мафкура пучга чиққан пайтлар. Қўни-қўшни орасида фақат бизнес, тез ва осонгина бойиб кетиш йўллари ҳақида гап-сўзлар юрарди. Биз ўн уч яшар ўсмирлар ҳам чўнтагимизда доим пул бўлишини хоҳлардик. Кўп тенгдошларим ўзи ишлаб даромад топар, кимдир оиласига ёрдам берса, яна кимдир кичик орзуларига пул йиғарди.
Мендан ёлланма ишчи чиқмади. Аммаваччамнинг жўхори қаламчалари чиқарадиган цехида бир кун ишлаб кўрдим. Арзимаган пул учун эрталабдан кечгача тер тўкиб меҳнат қилиш менга эмас экан.
Вазифам нимадан иборат эди? Жўхорини олдин «дробилка»га, кейин махсус аппаратга соламиз. Жўхори дони иссиқ ҳаво босими остида пақиллаб ёрилиб, қаламчага айланади. Иш ҳақи тайёр маҳсулотнинг килосига тўланади. Бир уюм жўхори қаламчасини чиқариб, камида ўн килограмм бўлди, деб ўйлайсан. Тортиб кўрсанг, зўрға ярим кило чиқади. Иш куни охирида аммаваччам пул ўрнига қўлимга ўзим тайёрлаган жўхоридан тутқазди. Уйга келиб, «иш ҳақим»ни столга қўйдиму ечинмасдан, ўзимни кроватга таппа ташладим. Эрталабгача қотиб ухлабман. Уйғонганимда аниқ бир қарорга келдим – мен ҳеч қачон ёлланма ишчи бўлмайман!
Гап оғир меҳнатдан қочишда эмас. Менга бировнинг чўнтагини тўлдириш учун белни букиб, эвазига арзимаган чақа топиш ёқмади. Бунақа капитализмни ҳазм қила олмасдим. Биз лицейда ўзимиз поп-корн тайёрлаб сотардик. Ўзимиз учун ишлардик, шунга меҳнати малол келмаган. Кўпи куйган, бемаза попкорнимиз унча яхши кетмасди. Бу тадбиркорлик фаолиятимда биринчи сабоқ бўлган – маҳсулотинг сотилишини хоҳласанг, ишни сифатли қил!
Ўн уч ёшимда қанд қироли бўлишга қарор қилдим. Ўзимга велик олишим керак эди. Велосипеди бор ўртоқларим учишга бермай қўйишди. Ота-онам эса: «Комилжон, великсиз ҳам доим қаёқлардадир санғиб юрасан, велосипед минсанг, сени умуман тополмай қоламиз!» – деб гапни қисқа қилишди.
Бизнес-режа бундай эди: бир қоп шакар сотиб олинади, уни қандга айлантириб, устига пул қўйиб сотилади. Шакар билан қанднинг нархи орасидаги фарқ – соф фойда.
Тайёр шакар цехини ижарага олдим. «Цех» деганда кўз олдингизга нима келди билмадим-у, аммо бу ҳеч ким яшамайдиган ташландиқ бир уй эди. Ундаги бор ускуна – тегирмон, пресс, фанера, ванна, иситкичли фен ва бир ярим литрлик баклажка, холос. Олдин шакар кукунга айлантирилади. Кейин ваннага солиб, устидан бир ярим литр совуқ сув қуйилади. Кукун нам тортиб, қорга ўхшаб ғирчиллаб қолганда, прессдан чиқарилиб, фанер устига ёйилади. Қанд шаклига солиниб, фенда қуритилади. Бир кеча-кундузда бир қоп шакар олди-бердига ишлатиладиган, тўй-ҳашамда дастурхонга қўйиладиган ширинликка айланади.
Отам кўп магазинчиларнинг машинасини тузатардилар. Шу танишларидан маҳсулотимни сотиб беришни илтимос қилдилар.
Бу цехда ишчи ҳам, фаррош ҳам, мол етказиб берувчи ҳам, директор ҳам ўзим эдим. Цехни ижарага олишдан олдин дўстларимга шерикчиликни таклиф қилдим, улар кўнишмади. Балки тўғри қилишгандир. Икки ҳафта ўтгач, дўконларда шакар кўринмай қолди, кейин бирдан нархи ошиб кетди. Қанддан тушадиган озгина фойда ҳам йўқ бўлди. Шундай қилиб, биринчи бизнесим синди. Қизиғи шундаки, дўстларим молиявий кризисни олдиндан кўра билгани учун эмас, ишёқмаслиги, ҳаракатсизлиги туфайли ҳамкорликдан бош тортишди. Биз бирга ўсиб катта бўлдик, лекин ҳозир жамиятдаги ўрнимиз орасида осмон билан ерча фарқ бор.
Ҳамма ҳам бой-бадавлат бўлиши шарт, демоқчи эмасман. Баъзиларга бу нарса керак эмас, уларнинг ўз орзулари бор. Кимдир врач, кимдир альпинист, учувчи, саёҳатчи, журналист ёки ёзувчи бўлишни орзу қилиб, шу мақсади билан яшайди. Ҳозирги ёшлар орасида бундайлар борган сари кўпаймоқда. Пул улар учун ортиқча дахмаза. Лекин бойиб кетаман деган одамга фақат орзу ва билимнинг ўзи камлик қилади. Бунда ишчанлик, меҳнатсеварлик жудаям муҳим. Агар ишга ўзингни тўлиқ бағишлай олмасанг, яхшиси бошлама. Бизнес – дангасалар учун эмас!