Алламжонов айбдор - страница 18



Аммо битта муаммо чиқиб қолди. «СБХ»ни барча давлат ташкилотлари бухгалтерлари олишлари шарт эди. Бизнинг газета ҳам ўзини қоплаши учун обунани йўлга қўйишимизга тўғри келар экан.

– Ҳал қиламиз, – деди раис. – Асосийси, газетани яхши, фойдали, сифатли тайёрланг! ДСҚнинг расмий босма нашри бўлади.

Шу жойида бир гап айтай. «Солиқ-инфо»нинг ихтиёрий харидорлари ҳам кўп эди. Газета бухгалтерларга маъқул келди, уларнинг доимий иш қуролига айланди. Улар, яъни «Солиқ-инфо»га ўз хоҳиши би-лан обуна бўлганлар ҳақида ҳеч ким билмайди. Лекин ДСИнинг 1«обуна бўлиш шарт» деган қўнғироқларидан норозилар ҳамма ёққа шов-шув кўтарди.

Энг биринчи офисимиз ертўлада жойлашганди. Газета чиқариш – мураккаб жараён. Қизиқарли материал тўплашнинг ўзи етарли эмас. Газетани саҳифалаш, чоп этишнинг сир-асрорини ҳам билиш керак.

Биз Россиянинг шу йўналишдаги ҳамма нашрларини ўрганиб чиқдик. Газетани росмана қўлланмага айлантирса бўлар экан, унда интерактив – бухгалтерлар билан мулоқот, савол-жавоблар бериб боришимиз шарт, деган хулосага келдик.

«Солиқ-инфо»ни ҳар томонлама «СБХ»дан яхшироқ қилиб чиқаришга ҳаракат қилдик. Семинарлар ўтказиб, муаммоли масалаларни кўтарардик. Вилоятларга ҳам борганмиз. Солиқ соҳасидаги мутахассислар билан бутун мамлакатни айланиб чиққанмиз. Тадбиркорларни йиғардик, улар саволларига профессионал экспертлардан тўла-тўкис жавоб олишарди. Қисқаси, шу ишга жон-жаҳдимиз билан киришиб кетдик.

Биз учун газетанинг жонли бўлиши муҳим эди. Ҳар бир рукнни давомли юритишга эришдик ва бу ўзини оқлади. Мавзулар сондан сонга кенгроқ ёритиб берилар, натижада, ўқувчилар давомини кутарди.

Сўровномалар ўтказиб, у ёки бу муаммо бўйича тадбиркор ва бухгалтерларнинг фикрларини ўрганиб чиққанмиз. Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлганида, биз улардан биринчилардан бўлиб фойдалана бошладик.

Мақолаларни ўзимизда ишлайдиган солиқ маслаҳатчиларидан ташқари Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси мутахассислари тайёрлар, газетада журналистлар деярли йўқ эди. Долзарб мавзуларни кўтаришга, тезкор маълумотлар беришга ҳаракат қилардик. Бугунги кун тили билан айтганда, биз янгиликларни яратаётган эдик.

Дадил айта оламанки, «Солиқ-инфо» туфайли бухгалтерларнинг тушунчаси ўзгара бошлади, касбий малакаси ошди. Газета ДСҚнинг расмий нашри бўлгани учун бухгалтерлар жуда катта маблағларни тежашга, солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, умуман солиқ тизимини оптималлаштиришга ёрдам берадиган эксклюзив ахборотлардан фойдаланиш имконига эга бўлдилар. Айни пайтда мутахассис консультант ёллашга ҳожат қолмади, чунки газетанинг ўзи энг яхши маслаҳатчига айланди.

«Солиқ-инфо» газетаси мажлислар залида.

Бошида газета фақат рус тилида нашр этиларди, кейинроқ ўзбек тилида ҳам чиқара бошладик. Штат қирқ нафар ходимгача катталашди. Офисни Солиқ қўмитаси қошидаги спорт мажмуасига кўчирдик. Таҳририятимиз анча оёққа туриб олди.

Ғоя ва таклифлар бериб, жамоани йўналтирадиган асосий ташкилотчи мен эдим. Ходимларнинг қорнини тўйдириш, уларни муносиб маош билан таъминлаш ҳам менинг вазифамга кирарди. Жуда аҳил жамоа йиғилди. Байрамлар, тимбилдинглар уюштирар, ҳатто бассейнга бирга борардик. Биз росмана бир оилага айланиб қолган эдик.

Мен яхши раҳбар эдим ва бу менга қимматга тушди. Мени бир меъёрда, хотиржам яшашга қўймайдиган омад чўққисининг навбатдаги поғонаси бўлди бу.

Ходимлар шефнинг туғилган кунига сюрприз тайёрлашибди. «Солиқ-инфо» газетасининг махсус менга аталган сонини биттагина нусхада, лекин худди ростакам газетага ўхшатиб, махсус қоғозда чиқармоқчи бўлишибди. Типографиядан: «Офсетни бир нусхада босмадан чиқариб бўлмайди, камида минг нусха бўлиши керак», деган жавоб келган. Мингта бўлса, мингта-да. Қолганини ўзимизникиларга тарқатамиз, эсдалик бўлиб қолади, унданам ортса, омборда жой кўп… Қўл остимдагилар ўртага пул ташлаб, махсус сонни чоп этишган. Биринчи бетда каттакон суратим, тагида сарлавҳа: «2017 йил: Комил Алламжонов ҳаётида нималар содир бўлди?» Газета саҳифалари бошидан охиригача ўттиз уч ёшимгача эришган ютуқларим билан тўлдирилган.