Мавлоно Завқий - страница 3



***

Бу воқеа 1270 ҳижрий (1853 милодий) йилда содир бўлган эди. Қўқон шаҳрининг Қатағон даҳаси Шайхон маҳалласида содир бўлган бу қувончли воқеа тасодифми ёки қонуниятми айнан Россия босқинчиларининг Оқ мачит қаъласини забт қилиниши билан бир вақтда бўлиши ажабланарли ҳол. Ҳеч нарсадан хабари йўқ, соддадил халқ ўз билганларича яшар эдилар. Чойхоналарда, маҳаллаларда тўй-томоша, хонадонларда «гап» ейиш, атроф-туманларда улоқ чопиш каби жараёнлар асло тўхтамас, ҳамманинг ўз севимли машғулоти бор. Кимдир қимор ўйнаса, кимдир бедана ёки хўроз уриштиради, яна аллаким каптарвоз бўлса, бошқаси қўчқор уриштиради. Халқнинг бундай соддадил ва ўйинқароқ бўлишига сабаб ҳукмронларнинг лоқайдлиги ва беғамлиги эди, улар тинимсиз ишрат қилиш, ўзаро низо, бойлик тўплаш, халоватларини бузмаслик эди. Барча бало-қазоларни ҳар доим даф қила оладиган халқнинг ғамини ҳеч ким ўйламас, қайғурмас, чора изламас эди. Шундай даҳшатли бало ватан бўсағасида турган бир чоғда бефаросат амалпарастлар бир-бирларининг қонларига ташна бўлиб, жаҳолат уловига қамчи босардилар, зулм ва шафқатсизлик қилардилар.

Иймону инсофидан асло айрилмайдиган бечора оддий халқ тинмай меҳнат қилар, тер тўкар, заҳматли меҳнати билан бутун мамлакатни боқар эди. Бек-амирларнинг заррин ва кимхоб либослари, барча тантана-ю маросимлари, жамики маишатлари ана шу қадоқли қўлларнинг меҳнати туфайли эди.

***

Юрак, қалб, кўнгил яна нима деб аташ мумкин? Инсоннинг нақадар нафис, бебаҳо, буюк аъзоси, олам ичра мавжуд мўъжизаларнинг мўъжизаси. У тинимсиз улғаяди, тинмай камолот томон етаклайди. Унинг буюклиги шундаки ўзи хуш кўрган гўзалликни Сулаймон тахтига, Искандарнинг салтанатига алишмайди, бир қумурсқа тақдири ҳақида кўзидан ёш тўкиб, жаҳон ҳоқонининг зулмига қарши чиқмоғи мумкин. Нафис бир чечакнинг тебранишидан завқланиб олам бойлигига беписанд бўлиши мумкин, у табиатнинг нола ва фиғонини бехато эшитиб қалбсиз кишиларга насиб қилмайдиган энг яширин гўзалликларни илғай олади. Мумдай эриб, тинимсиз титраб турувчи бу жажжи мўъжиза асло енгилмайди, асло тобе бўлмайди. Ана шу мўъжиза ичида коинотнинг беҳисоб қанча-қанча ҳислатлари, бутун оламнинг акси, шакли, хоҳишлари мавжуд.Бўлажак авлодларимиз биз орзу қилганимиздек сифатли яшай олармиканлар, бизларнинг қилган хатоларимизни такрорламасликнинг иложини топа олармиканлар? Албатта топадилар, албатта биздан илғорроқ бўладилар, босқинчилик ҳам албатта барҳам топади. Тарихни кузатсак эди, асоратга тушмаган миллат асло топилмайди, лекин йўл қўйилган хатоликлардан тўғри хулоса чиқариб, уларни ҳеч қачон такрорламаслик лозим.

***

Ишнинг “кўзи”ни яхши билган Муҳаммад Содиқ, аста-секин қўли пул кўриб анчагина ер ва мулк эгасига айланиб олди. Серғайрат бу йигит деҳқончилик ишларини пухта билиши билан бошқалардан ажралиб турарди. Яқингинада ёлғиз меҳнат қилиб эрта-ю кеч тер тўккан бўлса бугун унинг ихтиёрида бир неча таноб ер ва бир қанча чоракорлари бор. Хўжалиги мустаҳкам, маблағи ҳам етарли. У кишиларга меҳрибон бўлиш билан бирга, қўли ҳам очиқ ва мурувватли йигит. Поччаси Муҳаммад Солиҳга айниқса оқибатли. Жиянларига ўз укасидек меҳрибон, жонкуяр. Мана жиянларини яна биттага кўпайганини эшитиб қувонганидан шаҳарга опасининг ҳовлиси томон жўнади. Аввал Каппон бозорига йўл олди, пулни аямай шойи қийиқ тўлгунича хилма-хил ноз-неъматларни харид қилди. У опасини хурсанд қилишни жуда хуш кўради. Шунинг учун ширмон нон, хандон писта ва ҳолваларни мўлроқ харид қилди. У шошилмай гавжум бозорни тарк этиб Янгу чорсу томонга бурилди. Муюлишдаги чойхонада нафасини ростлаб олиш учун бир чойнак чой чақирди, бир қанча фурсат дам олиб бўлганидан сўнг Ходабозор кўчаси томон юра бошлади. У Қўқоннинг гавжум кўчаларини томоша қилишни жуда хуш кўради, ҳар бир қадамда иштаҳани очадиган таомларнинг хушбўй ҳидлари димоққа урилади, ҳолвапаз, сомсапаз ва кабобпазлар “Келиб қолинг, гўшт куйди” деб бақир-чақир қиладиган ошпазлар, ҳар қадамда учрайдиган тиланчилар ўзига хос бир олам. Серқатнов кўчалардаги йўловчиларнинг ҳолатига қараб қайси тоифага мансуб эканлигини билиб олса бўлади. Бойвачча йигитлар қирчанғи отларга миниб олиб, оҳори тўкилмаган кийим-кечакларини кўз-кўз қилишса, бечорахолроқ кишилар эшакларига миниб олиб йўрғалайдилар.