Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - страница 3



Шунга қарамай, айнан босма ОАВнинг айни кундаги молиявий аҳволини ўрганган, иқтисодий муаммоларини илмий таҳлил этган адабиётлар деярли учрамайди.

Тадқиқотда қўлланган методиканинг тавсифи. Тадқиқотларимизда кузатув, ҳужжатларни ўрганиш, солиштириш, тизимли таҳлил, контент анализ, социолингвистик таҳлил, моделлаштириш усулларидан фойдаланилган.

Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти шу билан белгиланадики, тадқиқот иши натижасида олинган хулосалардан Ўзбекистонда медиаконвергенция шароитида босма оммавий ахборот воситалари таҳририятининг моддий ҳолатини яхшилаш, нашрлардаги материалларнинг мазмунини бойитиш ва дизайнини янгилаш орқали аудитория қамровини ошириш, ишчи-ходимларнинг маошини ошириш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, ушбу мавзуни ўрганиш жаҳон босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий бошқаруви соҳасида кечаётган ўзгаришлар, тенденциялар, тамойилларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

I БОБ. КОНВЕРГЕНЦИЯЛАШУВ ШАРОИТИДА ТАҲРИРИЯТЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ-МОЛИЯВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ХУСУСИЯТЛАРИ

1.1. Тижорийлашув замонавий медиамаконнинг етакчи тенденцияси сифатида

Медиаконвергенция анъанавий ва янги медиа шаклларининг интеграциялашув жараёни бўлиб, унда медиадаги контент бошқа платформада такрорланади ёки муқобил медиамайдонлар яратилади10. Конвергенция сўзи лотинча «convergere» дан олинган бўлиб, яқинлашмоқ, кесишмоқ маъносини беради. Бунда турли жараёнларнинг ўзаро мослашуви, муросага келиши кузатилади. Медиа соҳасида кечаётган глобаллашув, рақобат, тижорийлашув, ОАВнинг сиёсийлашуви каби жараёнлар босма нашрлардан ахборот бозорида яшаб қолишнинг янги шаклларини қидиришни тақозо этмоқда.11 Ахборот бозорига мослашишга эса медиаконвергенция ёрдам беради.12

Медиаконвергенция феноменини турли нуқтаи назарлардан кўриб чиқиш мумкин. Маршал Маклюэн қарашларига кўра, келажакда барча ахборий тизимлар ягона форматга ўтиши, «дунё глобал қишлоққа айланиши», Николас Нигропонте фикрича, алоқа тизими, босма ОАВ, ТВ ва радио уйғунлашуви, Г. Женкинснинг типологиясига кўра, технологик, маданий, ижтимоий конвергенцияга бўлинув, Г. Майкл ва Ш. Ян ишлаб чиққан конвергенциялашувнинг 4 мезони (1. Технологик мезон (телекоммуникация тармоқларининг бирлашуви); 2. Ишлаб чиқариш мезони (анъанавий ОАВнинг рақамли медиамакондаги фаолияти); 3. Ижтимоий мезон (фойдаланувчилар томонидан яратилган контентнинг ошиши); 4. Матн ўзгариши (ахборотларнинг турли медиа шаклларида акс этиши), М. Кастельснинг классификацияси (кўплаб каналлардаги коммуникацияга мослашувчи онг фаолияти, ягона ахборот оқими, ОАВнинг ягона тизимга бирикиши), В. Шеремет типологияси (технологик, жанрли бирлашув), Олег Кашин типологияси (медиасаводхонлик, медиага бизнес сифатида муносабатда бўлиш) медиаконвергенция ҳодисасини илмий жиҳатдан тўлиқ тасаввур қилишга имкон беради.



Медиа – ахборий маҳсулотларнинг бозори. Медиабозорда тайёрловчи, ахборот (маҳсулот), етказиб берувчи ва истеъмолчи иштирок этади. Тайёрловчи бу – ғоя муаллифи. У материалларни тўплайди, таҳлил қилади, медиаматнни тайёрлайди, узатади. Маҳсулот (ахборот) – матн, белги, сурат ва рамзларда ифодаланган маълумот. Етказувчи (канал) – ахборотни узатиш воситаси (медиа). Истеъмолчи – ахборотни олувчи, ўрганувчи, талқин қилувчи шахс.

Медиа бозори – бу мураккаб, кўп қиррали, кўп томонлама макон. Журналистик ахборотни ишлаб чиқиш ва сотиш жараёнига мувофиқ, у икки қисмга бўлинади: ресурслар бозори ва ахборот бозорининг ўзи. Иқтисодий нуқтаи назардан медиасаноат ноанъанавийдир. Чунки ОАВ ўз маҳсулотини бир вақтнинг ўзида иккита бозорда – товар ва хизмат сифатида ишлаб чиқаради. Медиамаҳсулот – ахборот, фикрлар, кўнгилочар контент, аудиторияга етказилган билимлардир. Хизматлар бозорида оммавий ахборот воситалари реклама берувчиларга оммавий ёки ихтисослашган аудиторияга кириш хизматини тақдим этиш орқали ишлайди. Медиа бозори бир неча бўлимларда шаклланган мураккаб кўп қатламли тузилишга эга.