Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - страница 5
Медианинг тижорийлашуви газеталар таҳририяти фаолиятига товар айланмаси, харажатлар, рентабеллик каби тушунчаларни киритади. Таҳририятларнинг иқтисодий мақсадларини қуйидаги график шаклида ифодалаш мумкин14:
Таҳририятнинг тижорий мақсадларини амалга ошириш қуйидаги омилларга боғлиқ:
1. Табиий ресурс, хомашё. Булар газета чиқариш учун зарур қоғоз, электр энергияси, ёнилғи, сув, бўёқ ва ҳоказо. Айнан шу омил газеталар таҳририятининг асосий харажатларини ташкил этади, бюджет сарфини оширади, фойдани камайтиради.
2. Инсон меҳнати ресурси. Газетачилик саноатида маҳсулот сифати бошқа соҳаларга солиштирганда янада муҳим ҳисобланади. Бу интеллекти юқори, профессионал кадрларни ишга жалб этишни, уларга юқори ҳақ тўлашни тақозо этади. Журналист имижи газетанинг ҳам оммабоплигини белгилаб беради, фойда келтиради. Медиамаҳсулотнинг сифатсиз тайёрланиши молиявий натижадорликни тушириб юборади.
3. Тадбиркорлик қобилияти. Маъмурий бошқарувнинг молиявий-иқтисодий жиҳатдан тўғри олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга. Таҳририят раҳбари нашрни етакчилар қаторига олиб чиққанига оид амалиётдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
4. Таҳририятнинг асосий капитали. Бунга бино, босмахона, моддий-техник базани киритиш мумкин. Таҳририятнинг бойлиги ишлаб чиқариш қувватини оширишга хизмат қилади.
5. Фан, техника, менежментда ўсиш. Бу ахборий маҳсулот ва товарлар бозорида ўз ўрнига эга бўлиш, рақобатбардошликни таъминлаш, фойда олишда муҳим ўрин тутади.
6. Оммавий эҳтиёж. Газетачилик саноати ёки бизнесида ҳал қилувчи омил. Агар омма маънавий жиҳатдан газета ўқишга эҳтиёж сезмаса, газеталарнинг уриниши бесамар кетиши мумкин.
Таҳририятнинг чиқимлари:
Тижорийлашув асослари, унинг модели ва кўринишлари, амалга ошиш шакллари тўғрисида кўплаб илмий изланишлар олиб бориш мумкин. Аммо бизнинг олдимиздаги асосий масала медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи, муаммоларни ўрганиш, таҳририятларнинг иқтисодий-молиявий тараққиёт хусусиятларини тадқиқ этиш, тижорийлашув ҳодисасини замонавий матбуот мисолида кўриб чиқишдир.
Бугун газеталарнинг ликвидлик (пулга айлана олиш) рентабеллик (фойдалилик, ўз харажатини ўзи кўтариш), иқтисодий барқарорлик ҳолати қониқарли эмас. Кўпчилиги банкрот ҳолатида.
Рентабеллик иқтисодиётда қуйидаги формула билан аниқланади:
Р (РЕНТАБЕЛЛИК) = Ф (ФОЙДА) /Х (ХАРАЖАТ) Х 100%
Кўплаб газета таҳририятлари баланси, бюджети жуда кам фойда кўрсаткичи ёки зарар билан ишлаётгани кўринади. Натижада босма нашрлар ўз ходимларини 40 фоиз қисқартирди15. Ўзбек матбуоти йиллар давомида шаклланган авторитар, либертиан, ижтимоий масъулият ва тоталитар назариялар таҳлили жараёнида дунё оммавий ахборот воситалари аллақачон ижтимоий масъулият жараёнига қадам қўйгани, лекин бунгача салкам 300 йиллик йўлни босиб ўтгани алоҳида таъкидланади. Биз эса «йўлдан адашган» тоталитар назариядан бор-йўғи 30 қадам узоқлашдик, холос. Лекин асосий гап бунда эмас. Гап шундаки, назария ҳамиша босиб ўтилган йўл таҳлилига асосланади. Глобаллашув жараёнини бошдан кечираётган бугунги дунё шиддати эса қолипларга сиғмайди. Замон шитоб билан илгарилаб боряпти. Манфаатлар кураши, бешафқат рақобат ҳар жабҳада ўз руҳини намоён этмоқда. Шу маънода, ижтимоий масъулият назарияси ҳам янгиланиб, юксак инсонпарварлик ва гуманизм ғоялари устуворлик касб этаётганини ҳам илғаш қийин эмас.
АҚШ профессионал журналистлари миллий жамияти президенти Жанет Марие Таркунийонинг фикрича, «Журналистлар дипломат эмас. Улар ўз мамлакатлари фойдаси учунгина хизмат қилишмайди. Қолаверса, улар сиёсий партиялар, ижтимоий гуруҳлар қизиқишлари ёки ўз шахсий манфаатлари қобиғида қолиб кетмаслиги лозим. Улар учун асосий мезон – одамларнинг тинч-тотув ҳаёти. Айниқса, воқеалар ёмонлик тарафига ўта бошлаганда, келишувлар ҳеч қандай натижага олиб бормаганида ёки вазият чигаллашган бир вазиятда журналист воқеалар ривожини ўз хулосаларига таянган ва пухта текширган ҳолда ёритиши лозим. Журналист фақатгина биринчи бўлиб хабарларни етказишгагина эмас, балки ўзи билдираётган хулосанинг қонунга қанчалик мос эканига ҳам эътибор қаратиши керак».