Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - страница 7



Хусусий газеталардан ташқари деярли барча газета мажбурий обуна ҳисобига кун кўради. Мажбурий обунани уюштириб бериш эса йирик ташкилотлар ва туман ҳокимликлари зиммасида. Туман ҳокимлари республика газета-журналларидан ташқари вилоят ва туман нашрининг ҳам обунасини уюштириб беради. Эвазига «сиздан угина – биздан бугина» қабилида келишув вужудга келади. Ўша ҳоким ёки бошлиқ раҳбарлик қилаётган туман ёки корхона ҳақида газеталарда танқидий материал чиқмайди. Тумандан таҳририятга аҳолидан мурожаат тушса бориб ўрганилмаслиги табиий. Халқ ҳам буни жуда яхши билади, шунинг учун таҳририятларга мурожаат йўлламайди.

Хуллас, кейинги обуна мавсумигача газета чиқариш ва кун кўриш учун етарли пул тўплангач, газета пайдарпай янгилик ва мақолалар билан тўлдирилиб, чоп этилади. Айрим газета раҳбарларига ҳаттоки нашрнинг ўқувчиларга бориб етаётгани ёки етмаётгани ҳам қизиқ эмас. Муштарийлар билан қайта алоқа йўқ, газетада ёритилаётган масалалар жуда камдан-кам ҳолатда резонанс келтириб чиқаради. Шунинг учун мажбурий обунанинг йўқотилиши газета таҳририятларининг муқаррар касод бўлишига, ходимларининг ишсиз ва маошсиз қолишига олиб келади. Юқорида таъкидлаганимдек, бу – босма нашрларда иш қандай ташкил қилиб келинаётганининг умумий манзараси. Пировард натижада кимдадир аҳвол яхшироқ, кимдадир ёмонроқ.

Лекин бу гаплардан асло босма нашрдаги журналистлар ишни эплолмайди, деган хулосага келмаслик керак. Газета таҳририятларида ҳам жуда мулоҳазакор, саводли, чиройли ва резонансли мақола ёзадиган кучли журналистлар кўп. Энг қизиғи, ҳали ҳам онлайн маконда бўш ўрин бисёр. Уларни савиясиз маҳсулотлар тақдим этаётган, мактаб ва устоз кўрмаган дилетант ёшлар эгалламоқда. Забардаст қаламкашларга савод ва савия қандай бўлишини ўшаларга ҳам, халққа ҳам кўрсатиб қўйиш учун кўп ҳам жон куйдириш керак эмас.

Айни карантин кунларида ахборот маконида газеталар нечоғлиқ замондан ортдалиги яққол намоён бўлмоқда. Кунига уч марта касалланганлар сони эълон қилиб турилди. Сайтлар ва каналлар рақамлар ва янгиликлар эълон қилингани заҳоти аҳолига етказмоқда. Ойда 4 марта чиқадиган газета нима қила оларди бу шароитда? Аслида кундалик газета ҳам эплай олмайдиган иш. Интернет аллақачон ҳар бир хонадонга кириб борган оммавий ахборот воситасига айланиб бўлган.

Мажбурий обунасига ҳам, яхши таҳлилий мақолалар ёритилаётганига қарамасдан кечикиб етказилаётганига ҳам кўниш мумкиндир. Лекин газеталарнинг оёғига тушов бўлаётган яна бир нарса – унинг ўқувчиларга етказилиши жуда катта муаммоларга сабаб бўлаётганидир. Чунки почта аввалгидек ишламаяпти.

Босма нашрларнинг энг асосий устунлиги, феномени унинг юқори даражада ишончлилиги бўлиб келмоқда. «Асрлар давомида мисқоллаб тўпланган ишонч, журналист томонидан ёзилган сўзнинг муҳаррир, мусаҳҳиҳлар томонидан ҳижжалаб текширилгани босма нашрларнинг ютуғидир. Ҳалигача блог соҳасида ишончнинг гигант етишмовчилиги кузатилмоқда»19.

Ахборот асрида яшаяпмиз. Ўлчовлар ўзгарган. Ҳозир ўзбекча битилган матнни хоҳ у кириллча, хоҳ лотинча имлода бўлсин, Google исталган тилга таржима қилмоқда. Яхшироқ нарса ёзиб, наинки Ўзбекистонни, балки дунёни забт этиш мумкин. Совет давридаги 100—200 минглаб тиражлар тушга кириб чиқади ҳануз. Ҳалигача «Ўзбекистон адабиёти ва санъати”нинг миллионлаб тиражи ҳақида гапириб юрадиганлар бор (бунда газеталар дотация билан чиққани, эвазига йиллик обуна пули арзимас мири бўлгани, муқобил танлов йўқ бўлганини ҳеч ким гапирмайди).