Қўқон хонлари - страница 17
Энди Қўқон хонлиги Бухоро Амирининг қўлдан кетган ўлжаси эмас, аксинча унга хавф соладиган кучли душманга айланган эди.
АБДУЛКАРИМХОН (УЧИНЧИ ХОН)
Абдураҳимхон вафотидан кейин Шоҳруҳхоннинг иккинчи ўғли Абдулкаримхон Қўқон тахтига ўтиради. Абдулкаримхон кўпроқ ободончилик ва қурилишлар билан шуғулланади. Унинг даврида кўпгина бинолар, работу мадрасалар қурилади.
Шу давргача хонларнинг қароргоҳи «Кўк тўнлик азизлар» мавзесида жойлашган эди. Хонлик даврининг олтинчи йили яъни 1739 йилда эски ўрда ўрнига янги «Ўрдаи рафъи» қурдиради ва атрофини баланд қалъа билан ўратади.
Қалъанинг атрофига бир нечта дарвозалар ўрнатилиб улар қуйидаги номлар билан аталади:
1. Дарвозаи «Қатағон».
2. Дарвозаи «Марғинон» (Марғилон шаҳри шундай деб аталган).
3. Дарвозаи «Тошканд».
4. Дарвозаи «Ҳайдарбек».
Дарвозалар ўша даврда шу номлар билан маълум ва машҳур эди.
«Тарихи Абдулкаримхон»да шундай дейилади:
«Бу тоза зотли шоҳ, бу мулкни обод қилди, эски Ўрда биносини таъмир қилишга у сабабчи бўлди, чиройли кўринишга эга Арки олий бунёд қилди, шаҳар атрофига эса қалъа қурди». Абдулкаримхон ўн саккиз йил хонлик қилди, бу давр Қўқон тарихидаги осойишталик ва тинчлик йиллари эди, дейилади. Аслида шу йилларда Қўқонга қалмоқлар бостириб келади (Ўинҳ-манжур босқини). Анчагина жангу жадаллардан сўнг сулҳ тузилиб, қалмоқлар Абдураҳимбийнинг ўғли Бобобекни гаров сифатида олиб кетадилар. Жунғор қалмоқларининг босқинчилиги ҳақида кейинги сонларда батафсилроқ гаплашамиз.
1164 йил хижрий 1750 милодий йилда хон вафот қилди.
«Тарихи Туркистон» китобида у ҳақда шундай ёзув келтирилган:
Абдулкаримхон ибн Шоҳруҳхон, Худо берган бир (улуғ) Мир эди.
Ўн саккиз йил ҳукумат сўргандан сўнг, Ғайбдан «Иржи» (қайт) нидосини эшитди.
Вафотининг тарихини билмоқчи бўлсанг, Хирад (ақл) «сар бо қазо» деб айтди.
Қўқоннинг учинчи хони Абдулкаримбийни босиб ўтган қисқача йўли шулардан иборат.
Абдукаримбий ҳукмдорлигининг кейинги йилларида, Ўрта Осиёда, айниқса, Фарғонада сезиларли даражада яна жангу жадаллар бошланди. 1740 йилга келиб Бухоро хонлигидаги иқтисодий ва сиёсий тангликлардан фойдаланган Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Балҳни босиб олгач, Бухоро томон қўшин тортди. Худди шу пайтда Самарқанд ва Шаҳрисабз музофотларида Абдукаримбийнинг оғаси томонидан тайин этилган ноиблар бош кўтариб, алоҳидалик иштиёқида ажралиб чиқишга интилдилар.
1745 йиллар атрофида Чин (Ўинҳ) – Манжур давлатининг ҳукмдорлари Шарқий Туркистоннниг шимолий ҳудудларига бир неча бор ҳарбий юришлар уюштирди. Шундай юришлар натижасида қалмоқларнинг Жунғор хонлиги қаттиқ зарбага учраб, тор-мор бўлди. Натижада қалмоқ кўчманчиларининг бир қисми Шимолий Ғарбга йўналиб, қозоқларнинг Кичик ва Ўрта Жуз хонликларини босиб олди, иккинчи қисми Ғарб томон юриб, Фарғона томонга юриш қилди. 1746 йилда Марказий ва Жанубий Тян-Шон ҳудудларида истиқомат қилувчи қирғиз уруғлари ерини босиб олди.
Қуллик асоратига тушиш хавфидан сақланиб қолиш умидида қирғиз уруғлари ёппасига Фарғонанинг чўл ва тоғ этакларига кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Ўз навбатида бу воқеалар янги зиддиятлар келтириб чиқарган бўлсада, қалмоқларга қарши кураш учун бирлашиш зарурати қирғизлар билан иттифоқ тузишга олиб келди.
Фурсатни тўғри англаган Абдукаримбий қалмоқ ойротларига қарши биргаликда курашиш шартномаси тузиб, қирғизларнинг водийдаги чўл ҳудудларида жойлашишларига рухсат берди.
Туйқусдан ҳужум уюштирган Жунғор қалмоқлари ўзларини мустақил ҳисоблаб келган Наманган ва Чуст бекларини бир зарбадаёқ тор-мор этдилар ва Хўқанд сари йўл олдилар. Бундай нохуш воқеадан хабар топган Абдукаримбий уларга қарши Қипчоқ Бачча қўмондонлиги остидаги қўшинни юборди. Лекин қўшин енгилиб қўмондон ўлдирилади, жангчилар пароканда бўлиб ҳар томонга қочиб кетадилар. Қалмоқлар юришда давом этиб, Хўқанд остоналарига яқинлашиб қоладилар.