Қўқон хонлари - страница 2
Олтин бешикдан икки юз йил ўтиб дунёга келган Шоҳруҳбий ниҳоятда хушрўй, қобилиятли ва жасур йигит бўлиб ўсади. Шикор пайтида найза билан бир йўлбарсни ярадор қилиб барчани қойил қолдиради. Ўша даврларда Қўқонни (Хўқанд) Чодак «хожа»лари бошқариб турардилар. Ўзбек жамоалари биргаликда маслаҳатлашиб Шоҳруҳхонни хон қилиб кўтарибдилар. Бу воқеани вақтинча махфий тутишиб хийла ишлатибдилар. Хушрўй бир қизни Чодак ҳокимига турмушга чиқаришиб, тўй қилибдилар, тўйга ташриф буюрган барча «чодак хожалари»ни сўйиб ўлдирибдилар ва лашкар тортиб Чодакни забт қилибдилар. Бу ишлар амалга ошгандан сўнг Шоҳруҳхонни Қўқоннинг хони қилиб кўтарибдилар. Икки сойнинг ўртасига яъни «Кўк тўнли азизлар» мавзеига хонлик қароргоҳини қурибдилар. Бу воқеа 1709 йил (милодий) 1121 хижрий йилда содир бўлган. Шоҳруҳбий ўн икки йил хонлик қилиб 1721 йилда вафот қилган. Ундан уч ўғил таваллуд топган: Абдураҳимбек, Абдулкаримбек, Шодибекдир.
«Тарихи Шоҳруҳ» асарида Қўқоннинг биринчи хони Шоҳруҳхоннинг ўлими билан боғлиқ бир воқеа эътиборни жалб қилади:
Шоҳруҳхон наманганлик Мулла Бозор Охунднинг муридларидан бирини ўз хизматида ишлатиб юрар эди. Мулла Бозор Охунд Қўқонга келиб Шоҳруҳхондан ул муридини озод қилишини илтимос қилади, хон илтимосни рад қилади. Шайх хондан хафа бўлиб, бир муридининг уйига бориб, деворга Шоҳруҳхон тасвирини тушириб, суратни ўқ-ёй билан отади. Ўша куни хоннинг қўлига яра чиқиб вафот қилган эмиш. Бу воқеа 1721 йили содир бўлган.
* * *
Шомастбийнинг обрў-эътибори жуда юқори бўлиб, давлатманд киши эди. Унинг тасарруфида серҳосил ерлар, боғу роғлар бўлиши билан бирга йилқи ва эчкилар, зотли сигирлар ва арабий отлари ҳам бор эди. Унинг хонадонида ҳар доим меҳмондорчилик ва зиёфат тинмас, теварак-атрофдаги энг хос кишиларнинг қадами аримас, ёшу кексалар уни ҳурмат қилиш билан бирга хон авлодидан деб эъзозлашар эди. Олтинбешикхонни вояга еткурган бу оила, минглар уруғининг (ўзбекия) энг нуфузли хонадони ҳисобланар, барча уруғ, ҳатто бошқа уруғлар ҳам уларга ҳавас қилиб ҳурмат билан қарар эдилар. Уларнинг насллари аксарият эркаклар бўлиб, бошқа нуфузли оилалардан келин олишар, бири-биридан гўзал, паҳлавон йигитлар улғайиб етишар, улар мавқеи жиҳатидан ҳам йирик хонадон бўлиб, теварак-атрофларда бир-бирини қўллайдиган хешу ақраболар беҳисоб, иқтисодий ва жисмоний бақувват бу хонадон билан рақобатлашадиган куч яқин атрофда топилмас эди.
Тарғова, Чанкат қишлоқлари тўқайзорлар билан туташиб кетган, тўқай ичи парранда-ю даррандаларга бой, қуён-тулкилар югуришиб юришар, қирғовуллар патирлашиб учишар, онда-сонда бўри ва қоплон каби йиртқичлар ҳам учраб турар, ҳатто ёввойи тўнғиз ва йўлбарслар ҳам бор эди.
Шомастбийнинг энг севимли машғулотларидан бири овга чиқиш бўлиб, тўнғич ўғли Шоҳруҳбий доимий ҳамроҳи эди.
– Шоҳруҳ, мен билан овга чиқасанми? – деди Шомастбий ўғлига меҳр билан тикилиб.
– Албатта дадажон, ов қилишни жуда хуш кўраман, – деди Шоҳруҳ қувончи ичига сиғмай. – Қачон борамиз?
– Эртага тонг чоғи.
Овнинг жуда гаштли бўлишига ишонган ота-бола бир неча машҳур овчилар қуршовида тўқайзорга кириб келишди.
– Қулоғингда бўлсин ўғлим, овчи жасур бўлиш билан бирга жуда зийрак ва сезгир бўлмоғи лозим. Ҳеч қандай ҳолатда шошилиб қолмагин, чаққонлик билан шошқалоқлик бошқа-бошқа хусусиятлардир.
– Буни эсимдан чиқармайман, ота.
– Яхши, ҳар доим гапимга қалбинг билан қулоқ соласан, бу хусусиятинг улуғлик аломати. Сени келажакда катта ишлар кутмоқда.