Қўқон хонлари - страница 6
Теварак-атроф оқсоқоллари билан гапни бир жойга қўйгандан сўнг Шомастбий тўй тайёргарликларини кўра бошлади. Тўй қайси куни бошланади, неча кун давом этади, нечта хонадон жалб этилади барчаси режалаб қўйилди. Тўйга барча Чодак хожалари таклиф қилинди. Сарпо ва совға-саломлар тайёрлаб қўйилди. Бу тўй жуда дабдабали бўлмоғи даркор, чунки унинг якуни юрт тақдирини ҳал қилиши мумкин.
Чодак хожалари таклифни жуда мамнуният билан қабул қилдилар, чунки бу қуда-андачилик энг нуфузли «Минг» уруғи билан дўстлик риштасини мустаҳкамлайди, теварак-атрофдаги мавқелари янада ошади. Улар катта совға-саломлар билан кириб боришга тайёрлана бошладилар.
***
– Менга қара Эргашхўжа, бўлажак тўйга жуда пухта тайёрланишимиз лозим. Теварак-атрофда тўйга таклиф қилинмаган бирорта қишлоқ ёки овул қолмасин. Барчанинг меҳрини қозонишимиз шарт ва зарур. Қази-қарталарни мўл қилинглар, қимиз ва қимрон ҳам эсингдан чиқмасин. Қанча қўю-эчки кетса аяманглар.
– Барчасини бажарамиз, асло хижолат бўлманг.
– Ҳа айтгандек, анчагина шароб ҳам ғамлашимиз керак.
– Бироз тушунмайроқ турибман ота, – деди Эргашхўжа ҳайратини яширмай. – Ахир сиз тўйларимизда шароб ичишни таъқиқлаб қўяр эдингиз-ку?
– Бу сафар шароб ичишга рухсат бераман. Сабабини сўраб ўтирма, буни кейинроқ биласан.
– «Хожалар» учун заррин тўн тайёрлайликми?
– Менимча бунга зарурат бўлмаса керак.
– Нега? Улар икки юз киши бўлиб келишар эмиш.
– Йигитларга шундай топшириқ берасан, хожаларнинг бирортаси менинг ижозатимсиз кетиб қолмаслиги керак.
– Барча топшириғингиз бажарилади.
– Сенга рухсат, менга Шоҳруҳбийни чақириб қўйинглар.
***
– Йўлбарс билан бўлган олишувдаги жасурлигингни эшитдим, – деди у ўғлига меҳр билан тикилиб. – Анчагина қалтис ҳаракат қилибсан.
– Бундай жасорат кўрсатишни сиздан ўрганганман.
– Катталардан кўп нарса ўрганиш жуда яхши фазилат, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳаётингни хавф-хатарга қўйиб ҳаракат қилма.
– Келажакда бунга эътибор бераман.
– Бир йиртқични омон сақлайман деб жуда қалтис иш қилибсан. Агар озгина адашиб қолганингда йўлбарс сени авайлаб ўлтирмас эди.
– Йўлбарслар одамларга ноўрин тажовуз қилишмайди деган эдингиз…
– Тўғри, шундай деганман. Сен ҳам уларга ноўрин тажовуз қилма дейман, лекин ҳужумга учрасанг ҳар қандай йўл билан ўзингни ҳимоя қилишга ҳақлисан.
Шоҳруҳ отасининг ўгитларини сўзсиз бажарар, ана шу сифати билан унинг чинакам меҳрини қозонган эди. Шунинг учун бу бироз қизариб отасига тикилганича индамай қулоқ соларди.
– Ўғлим, бугун мени ҳар қачонгидан ҳам диққат билан тинглагин. Бизлар хон авлодидан эканимизни ҳар доим эслаб юрмоғинг лозим. Сени келажакда улкан ишлар кутмоқда, бундай ишларни фақат жасурлик билангина бажариб бўлмайди. Сен бошқалардан кўра уқувли, билимли, бардошли ва сезгир бўлмоғинг лозим. Кишиларнинг кўнглидан нелар ўтаётганини гапирмасларидан аввалроқ билишинг, дўст билан душманни, хушомад билан самимийликни ҳамма ерда фаҳмламоғинг лозим. Эҳтимол сен яқин кунлар ичида ўлкамизнинг ҳукмрони бўларсан. Ҳукмрон бўлиш эса ўта масъулият, ўта нозик ва хавфли вазифа. Ана шулар ҳақида ўйлаб кўрганмисан?
– Бу масалалар хусусида чуқур бир билимга эга эмасман.
– Бухоро Амирлигига тобе эканлигимизни яхши биласан. Амир бизларни гўё ўгай фарзандидек кўради. Юртимизни қўрқувда ушлаб туриш учун мутаассиб руҳонийлар, риёкор хушомадгўйлардан усталик билан фойдаланади. Жаҳолат ва илмсизликнинг авж олиши учун айни муддаодир. Шундай гўзал ўлка, шундай истеъдодли миллат ривожланмаётганининг сабаби шунда. Минг уруғи теварак-атрофдаги музофотлар ичида энг улкан, энг аҳил эл. Шу сабабдан мустақил бир салтанат тузиш йўлидаги энг улкан, энг қийин вазифа бизнинг зиммамизда бўлади. Бу йўлдаги тўсиқларнинг барчасини биз ҳали билмаймиз, лекин бир нарса равшан. Халқ амирнинг зулмидан, бизларнинг камситилишимиздан тўйган, учқун чиқса бас, у алангага айланади. Амир бизга бўлган ҳукмронликни хожалар қўли билан бажаришига сабаб шуки, юртимиздан олинаётган даромаднинг бир қисмига уларни шерик қилиб қўйган. Чумолидек увол бўлган бу кишилар бизларга ҳукмрон бўлганликларидан қувониб амирга садоқат билан хизмат қиладилар. Биз бу дастгоҳни яқин ўртада синдириб ташлаймиз, янгисини тузиш эса бениҳоя қийин ва хатарли. Умид қиладиган жойимиз шуки, халқнинг хоҳиши биз томонда халқ жуда қудратли мўъжиза.