Қўқон хонлари - страница 9



– Яхши, ҳозирчалик сени тутқунликда ушлашга мажбурмиз.


Ҳар қандай ҳукмроннинг атрофида хоинлар ва аблаҳларнинг ин қуриши табиий ҳол. Буюк ҳукмронлар бундай ҳолатдан санъаткорона фойдалана билганлар.


– Ҳурматли қабиладошлар, узоқ вақтлардан буён орзиқиб кутаётган кунлар яқин. Эртага саҳар чоғида Чодакка юриш бошлаймиз. Ихтиёримиздаги уч минг кишилик қўшин катта бўлмаса ҳам етарли. Бошлаган ишимиз жуда хатарли, лекин келажаги бор. Бухоро Амири бизга ҳеч қачон меҳр кўзи билан боқмаган, бунинг оқибатида юртимиз ободончилиги тўхтаб қолган, ривожланиш йўқ. Биз ёвузлик қилганимиз йўқ, фақат шафқатсизлик қилиб келаётган золимнинг панжасини қирқдик холос. Чинакам эркинликка эришиш йўли ҳали олис. Бу машаққатли ва узоқ йўлни босиб ўтишимиз учун ҳамжиҳатлик ва фидойилик даркор. Қўрқоқ ва лоқайд кишилар бугундан бошлаб бизларнинг ғанимимиз ҳисобланади. Улар билан хайрлашишга тўғри келади. Ичимизда бизга ғайирлик ва ҳасад билан қарайдиганлар ҳам, амирнинг айғоқчи-жосуслари ҳам етарли. Биз улардан қўрқмаймиз, вақти келиб албатта фош қиламиз, жазолаймиз ҳам. Сўлим боғлар, серҳосил ерлар, шўх оқар анҳорлар бизнинг мулкимиз. Боболаримиз шу заминда яшаганлар, келажак фарзандларимиз ҳам бу ерларда эркин яшаб, эркин ижод қиладилар. Ана ўша бахтли келажак учун бизлар масъулмиз.

Ҳаммаёқни даҳшатга солган қўшин тошқин сойдек бақир-чақир билан кириб келди. Ҳеч қандай ҳимояси йўқ тинч аҳолининг уйларига беркиниб олишдан бошқа чоралари йўқ эди. Қўшиннинг жиддий бир қаршиликка учрамаслигини қўқонликлар аввалдан билишар, бу юришдан мақсад келажакда бизларга қарши бош кўтара кўрманглар деган ишора бор эди. Анча-мунча суриштирув ишларини амалга ошириб бўлгандан кейин қўлга тушган хожаларни сўроқ қилишди, уларнинг тўплаган бойликлари мусодара қилиниб икки кундан сўнг орқаларига қайтишди.

* * *

Шомастбий теварак-атроф саркорларини тўплаб катта йиғилиш ўтказди.

– Қадрли юртдошлар, биродарлар. Бизлар бугун муҳим бир тарихий жараённинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мустақил бир давлат қуришга бўлган истагимизнинг биринчи босқичини бажара олдик. Парвардигорнинг инояти билан кўзлаган мақсадимиз дебочаси бажарилди, энди жиддий ва ўта масъулиятли яна бир ишни амалга оширишимиз лозим. Эл-юртга садоқат билан хизмат қиладиган ақлли ва жасур бир кишини хон қилиб кўтаришимиз керак. Биз шундай одам танлайликки, у миллатини жонидан ортиқ севсин, ҳаётини тўла унинг равнақи учун бағишласин, халқ осойишталиги ҳаётининг мазмуни бўлсин. Сизларга уч кун муҳлат, ана шу масала устида чуқур бош қотириб ўз фикрларингни айтасизлар. Шундай қилайликки, орзуларимиз пушаймонлик билан алишмасин.

Ҳар хил баҳс ва мунозаралардан кейин барча кенгаш вакиллари бир овоздан хон авлодидан бўлган Шоҳруҳбий ибн Шомастбийни хон қилиб кўтаришга қарор қилдилар. Бу воқеа 1221 ҳижрий, 1709 милодий йилда содир бўлган эди.

***

– Толеинг порлоқ бўлсин, – деди Шомастбий ўғли Шоҳруҳхонни бағрига босиб. – Хон бўлганингиз билан қутлайман.

– Бу мартабага сизнинг хизматларингиз бўлмаса, мен эриша олмас эдим.

– Хонлик лавозимига эришиш мушкул иш, у мансабда ўлтириш эса унданда қийин.

– Мен ҳам фақат шу ҳақда ўйламоқдаман.

– Биринчиларга ҳар доим қийин бўлади. Сиз биринчисиз, шу боис сизга икки карра оғир бўлади.

– Дастлабки қийинчиликларни бартараф қилишда сизнинг маслаҳатларингиз мен учун жуда муҳим бўлади.

– Ҳукмрон ким дўст, ким душман билиб олиши зарур, агар бу ишни уддалай олмаса барча ишлари чаппа кетаверади.