Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - страница 3



– ўқувчиларни бозор иқтисодиёти қонуниятлари талаблари асосида сифатли, рақобатбардош истеъмол моллари, меҳнат маҳсулотлари етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиш воситаларини ўргатиш, иш бошқарувчи (менеджерлик), ҳомийлик, ишбилармонлик сифатларини шакллантириб бориш ва ривожлантириш;

– ўқувчиларга билимга интилиш ва меҳнатга муҳаббат, меҳнат кишиларига нисбатан ҳурмат ҳиссини сингдириш, уларни жамоатчилик, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш;

– халқ ҳунармандчилиги касбларини ўргатиш орқали халқнинг миллий руҳини, яшаш тарзини, анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш. Миллий қадриятлар, тарихий ёдгорликлар, халқ усталарининг бой меросини ўргатиш, амалий фаолиятларда улардан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш;

– янги ишлаб чиқариш ва ахборот технологиялари, компьютер техникаси, янги техника ва жиҳозларнинг қўлланилиши соҳаларини замонавий талаблар даражасида ва жаҳон тажрибаларига мос ҳолда ўрганишларини таъминлаш;

– юқори синфларда турли мутахассисликларнинг касбий фаолиятида қўлланиладиган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, мосламалардан фойдаланишни ўргатиш [209; 3-5-б.].

Булардан кўринадики, технология фани мактаб ўқувчиларига таълим-тарбия беришда катта аҳамиятга эга. Шу сабабли технология фани дарсларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, бунда педагогик технологиялардан фойдаланиш яхши натижалар беради, деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги таълимий-тарбиявий ва ривожлантирувчи вазифаларни ҳам бажариш зарур бўлади:

Таълимий вазифа – ўқувчиларнинг баркамол шахслар бўлиб шаклланишлари учун уларга меҳнат жараёнлари, касблар, умумий технология, техника ва ишлаб чиқаришнинг илмий асосларини ўргатиш, уларни касб танлашга йўналтириш, камида учта касб билан дастлабки таништириш орқали уларнинг касбгача тайёргарликларини амалга ошириш ва касб-ҳунар коллежларида ёки ҳунар мактабларида ёки техникумларда таълим олишга тайёрлашдан иборат.

Тарбиявий вазифа – ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини шаклланти-

риш жараёнида меҳнат ва касбга муносабатларида юқори ахлоқий сифатларни, ижодий ёндашувни, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, тежамкорлик ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда нафосат туйғусини сингдириб боришдан иборат.

Ривожлантирувчи вазифа – технология фани машғулотлари жараёнида ўқувчиларга ақлий, жисмоний, ахлоқий, бадиий-эстетик тарбия ва таълим бериш, технология фани дарсларида эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини бошқа фанларда ҳам қўллай олиш хислатини таркиб топтириш, касбгача тайёргарликларини амалга ошириш орқали уларнинг баркамол шахслар бўлиб етишишларигаёрдам беришдан иборат [209; 6-б.].

Технология фани фанининг мазмуни шартли равишда учта қисмга, яъни меҳнатга тайёргарлик, касблар бўйича тайёргарлик ва касбгача махсус тайёргарлик қисмларига бўлинади. Бу қисмларнинг ҳар бир машғулотнинг таркибига сингдирилиши, уларни ўқитувчилар ва услубчилар томонидан илмий-услубий нуқтаи назардан ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиб борилиши технология фани машғулотларининг аниқ мақсадга йўналтирилган бўлишини ҳамда муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайди. Технология фани бўйича юқорида айтиб ўтилган таълим йўналишлари мактаб атрофидаги корхона, ташкилот, хўжалик ва касб-ҳунар коллежларида кенг тарқалган соҳалар, касбларга мувофиқ танлаб олинади. Шунга кўра ҳар бир мактабда технология фанининг қуйидаги йўналишлари ёки улардан айримлари асос қилиб олиниши мумкин: технология ва дизайн, сервис хизмати, умумлашган. Бунда технология ва дизайн йўналиши ёғочга ишлов бериш технологияси, пластмасса ва полимер материалларга ишлов бериш технологияси, металлларга ишлов бериш технологияси, электротехника ишлари, рўзғоршунослик ишлари; сервис хизмати йўналиши эса пазандачилик асослари, газламага ишлов бериш технологияси, рўзғоршунослик асослари бўлимларидан ташкил топган. Умуман олганда 5-7-синфлардаги технология фани дарслари асосан қуйидаги бўлимлардан ташкил топган: