Ўзлик сари етти қадам – 3. Мақсадларим, шошмай туринг… - страница 3



Жуда қизиқ. Мен бир кун келиб, бу дунёни тарк этсам, кимнинг мен учун аҳамияти кўпроқ бўларкин? Саводи бор мулла жонсиз танам устида керакли тиловатни қилмаса – Яратган у дунёда мени қабул қилмаслиги эҳтимоли бор. Лекин саводсиз гўрков менга қабр қазимаса, жонсиз танам шу дунёда хор бўлиши тайин.

Ғоят совуқ мисол келтирдимми? Буни атайин қилдим. Сизнинг одамларни синфларга ажратиш ҳақидаги маҳкам ўрнашиб қолган ҳақиқатларингизни бир оз силжитиш учун шундай кескин мисол келтирдим. Бу ерда қайсидир одам қилаётган хатолар ҳақида эмас – сиз ва мен қилаётган хатолар ҳақида гап кетяпти.

Сиз ўзингизни қайси синфларга мансуб деб биласиз? Шиллиқурт эмас, инсон бўлиб дунёга келганингиздан қанчалик хурсандсиз? Бошқа одамлардан фарқли жиҳатларга эга синфга мансуб эканингиздан қанчалик фахрланасиз? Сиз ва мен бир миллий синфга мансубдирмиз – лекин маҳаллий синфимиз, ғоявий синфимиз, фалсафий синфимиз бошқа-бошқа эканини қанчалик осон қабул қиласиз?

Табиат (ва менинг фикримча Яратган ҳам) бу оламдаги мавжудотларни ҳеч бир синф ва турларга ажратмайди. Табиат ҳамма фарзандларини бир хил яхши кўради ва асраб-авайлайди. Уларга яшаш шароити яратиб беради ва ана шу муҳитда яшашни ҳам ўзи ўргатади.

Табиат ҳатто қаҳр қилганда ҳам ҳеч бир жонзотни бошқасидан устун қўймайди. Ўрмон ёнганда икки йиллик ниҳоллар ҳам, икки юз йиллик дарахтлар ҳам кулга айланади. Сув тошганда меҳнатсевар чумолилар ҳам, ялқов айиқлар ҳам тенг чўкади.

Табиий офатларда одамлар ҳалок бўлса – ичимиз ачийди. Табиатнинг шу офатда нобуд бўлган ҳамма фарзандлари учун ичи ачийди.

Тенглик ҳақида дин ҳам, қонунлар ҳам тинмай бизга уқтиради. Ҳаммамиз бошқалар билан суҳбатларда бу дунёда ҳамма тенг экани ҳақидаги юксак гапларни айтамиз. Лекин маънавият базми тугаб, кўчага чиққанимизда, садақа сўраган ночорга ачиниш ёки жирканиш ҳисси билан қараймиз.

Ҳўш, сиз қайси синфга мансубсиз? Кимлар билан синфдошсиз? Кимлардан бу дунёда тутган ўрнингиз юқорироқ? Кимникидан пастроқ?

Ўзимизни у ёки бу синфга мансуб ҳисоблаш – шахсиятимизни чеклаш дегани. Бой одамнинг шахсияти бадавлатлик қолипига солинган, ўқимишли одамники – зиёлилик қолипига. Бу каби чекловлар ҳар қандай интилувчан шахсни ҳам ўсишдан тўхтатиш қудратига эга.

Буюкликка борувчи йўл – синфларга ақлан тобе бўлмаслик орқали ўтади. Мен ўзини билимлилар синфига даҳлдор билсам, билимларим доирасидан ташқарига чиққанимда имкониятларим тугайди. Мен саводсиз одам қила оладиган ишни қила олмаслигим тайин.

Ўзимни зиёли санашдан воз кечдим дейлик. Энди мен ўқимишли қишлоқи ёки саводсиз қишлоқи эмас – шучаки қишлоқиман. Қишлоқда яшайдиган одам қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни қилишим мумкин. Бир кун келиб мен яшаш жойим бўйича синфга мансуб эканимдан воз кечаман. Энди мен қишлоқи ёки шаҳарлик эмас – шунчаки ўзбекман. Энди мен шаҳар ҳаётига ҳам, қишлоқ ҳаётига ҳам осон кўникаман, шу икки муҳитда ҳам фаровон яшай оламан.

Шахсиятимни ўз миллатим доирасида тутишим ҳам менинг бошқа миллатларга ҳурматсиз назарда қарашимга сабаб бўлади. Бу чекловдан воз кечаман ва бошқа миллатлар маданиятида ҳам жуда кўп бунёдкор жиҳатлар борлигини кашф қиламан. Янги тилларни ўрганаман. Дўстларим сафида турли миллат вакиллари пайдо бўлади. Энди мен ўзимга ўзбек сифатида эмас – шунчаки инсон сифатида қарайман. Энди инсон қилиши мумкин бўлган ҳар қандай ишни мен ҳам қилишим мумкин.

Дунёда шундай одамлар борки, улар ўзларига шучаки тирик мавжудот сифатида қарайдилар. Улар оддий одам қила олмайдиган ишларни қила олишади, оддий одамда учрамайдиган қобилиятларни ривожлантиришади. Кўршапалак каби атроф дунёни товуш орқали кўрадиган, баъзи йиртқичлар каби инфрақизил нурларини пайқайдиган одамлар бор. Улар ўзларини шартли равишда одамлар синфига мансуб деб ҳисобламайдилар.