Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - страница 8



Аммо бир кун ўрмонга чақмоқ уриб, ёнғин чиқибди. Бу ёнғинда қўнғир дарахтлар ҳам, сариқ дарахтлар ҳам омон қолмабди. Талвасага тушган маймунлар дарахтларидан тушиб, ўрмондан қочиш билан ўз жонларини сақлаб қолишибди. Ва улар аслида ҳамма дарахт ерда ўсишини, қачонлардир улар ана шу ердан паноҳ топиб яшашганини эслашибди. Улар ўртасидаги бўлиниш ва адоват сунъий экани фош бўлиб, улар яна аҳил-иноқ яшай бошлашибди…

Биз бу дунёга у ҳақида кўп нарсани билмай келамиз. Ҳаёт бизга айнан бу дунёнинг сирларини ўрганиш учун берилади. Кимдир бу дунёга кенгроқ назар ташлаш учун илм-фан дарахтига тирмашса, кимдир бунда ўзига дин дарахтини танлайди.

Бунда нотўғри танлов бўлмайди. Ҳар қандай дарахт инсонни буюк юксакликларга олиб чиқиши мумкин. Илм-фан ҳам, дин ҳам одамни бу дунёни яхшироқ англашига, ўзининг бу дунёда тутган ўрнига одилроқ баҳо беришига ёрдам бера олади. Ҳар қандай дарахтни танлаган одам ҳам адашмайди.

Лекин кўпчиликнинг ўз танловига бўлган муносабати муҳимлик сабаб нотўғри томонга оғиб кетади. Улар ўз танловлари аҳамйтаини ошириб юборишади. Натижада уларда ўзлари танлаган дарахтни бошқа дарахтлардан устун қўйиш истаги алангаланади. Муҳимлик сабаб, улар ҳаётлари бошида ерда юрган маймунча бўлганини унутишади (одамни маймунга тенглаштирганим қайсидир дарахтга чиқиб олиб, ўз ҳақлиги ҳақида оламга жар солаётган одамлар шахсиятига тегиши мумкин – аммо улар ўзларини бу дунёдаги бошқа мавжудотлардан юқори ҳисоблаб, маймунга тенглаштирилишдан ҳазар қилса, бу уларнинг муҳимлигидан дарак).

Биз ўзимиз танлаган дарахтга баъзан шу қадар берилиб кетамизки, бошқа дарахтлар ҳақида унутиб қўйишимиз мумкин. Баъзан динга муккасидан кетиб қолган одам дин дарахти барглари орасидан туриб, ташқи дунёни кўра олмай қолади. Улар бу сўқирликда шу даражага бориб етишадики, илм-фанни тамоман инкор қилишга ўтишади. Айнан илм-фан яратган чироқлар ёруғида диний китобларини ўқишаётгани, илм-фан яратган дармонлар хасталик қийнаганда жонларига оро кириши ёдларидан чиқади.

Илм-фан дарахти вакиллари орасида ҳам ақлнинг устуворлигини таъкидлаб, ўз илмий фаразлари орасида ташқи дунёдан узулиб қолганлари кўп учрайди. Ашаддий фанпарастлар динни тамоман рад этишади. Лекин улар ҳам чорасиз вазиятларда эътиқоддан таскин топишади.

Ҳар қандай дарахтда бошқа дарахт вакилларини қораловчилар ва улардан нафратланувчилар бор. Илм-фан дарахтида эътиқод соф психологик жараён эканини таъкидлаб, кўр-кўрона илоҳий куч мавжудлигига ишонган дин дарахти вакилларини аҳмоқликда айблайдиганлар бор. Дин дарахтида Дарвин таълимоти бўйича ўзини маймун авлоди ва эвалюция натижаси деб биладиган илм-фан тарафдорларини ўзбилармон дахрий деб қоралайдиганлар бор. Бундай ҳолат шахсий муҳимлик сабаб келиб чиқади.

У ёки бу дарахт вакиллари жамиятда кўпроқ қудратга эга бўлиб қолса, дарҳол бошқа дарахт вакилларига босим ўтказа бошлайди. Тарих бунга жуда кўп исбот келтирган. Ўрта аср Европасида илм-фан дарахти вакиллари Ватикан томонидан қувғин қилиниб, ўзлари ва асарлари оловда ёндирилган. Собиқ иттифоқ даврида эса коммунисм қуриш ваъжи билан илф-фан дарахти вакиллари дин дарахтини таг-томири билан йўқ қилишга урунган. Муҳимликка берилган илм-фан ёки дин вакилларига қудрат берилса, одамзот бошига ана шундай офатлар келади.

Илм-фан ва дин дарахтлари ўртасида яна бир дарахт бор. Унинг вакиллари унча кўп эмас – чунки бу дарахт дин ёки илм-фанчалик катта дарахт эмас. Бу дарахт илм-фан ва дин дарахти уруғлари бирлашишидан униб чиққан. Бу – фалсафа дарахти.