ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИ - страница 17



Ҳар доим сенинг қулайлик ҳудудинг ўз-ўзини алдашнинг натижаси бўлиб келган. Сен ҳозирги ҳолатингга яхшироқ муқобил йўқлигини, уни яратиш учун сен анча кўп куч сарфлаганингни, ҳаётда бирор нарсани ўзгартириш учун энди анча кечлигини ўз-ўзингга гапириб келасан. Сен анчагина қулай бўлса ҳам битта жойда тўхтайсан ва ўз қўлларинг билан ҳаётингнинг барча қойилмақом истиқболларини йўққа чиқарасан.

Қулайлик ҳудуди сен учун йўлингнинг сўнгги нуқтасига айланади.

Нима учун бу юз беради?


Биринчидан, сен юмшоқ бўлиб боряпсан

Бир муддат илиқ сувли ваннага солиб қўйилган одам билан нима юз беради? У бўшашади, юмшаб қолади. Сувда бўлиш анчагина узоқ вақт давом этсачи? Тўғри, у заволга учрай бошлайди. Унинг мушаклари фаолликни йўқотади ва тез орада у нафақат югуриш, балки ҳатто шунчаки жойидан туришга мажоли қолмайди.

Аммо бу фақат танага тааллуқли эмас. Бизнинг миямиз билан ҳам шундай нарса юз беради. Мураккаб вазифаларни ечиш зарурияти йўқлиги мияни суюқлашишига ва фикрлаш равшанлиги, ўрганиш ва қарор қабул қилиш қобилияти йўқолишига олиб келади. Сен ҳар куни битта траектория бўйлаб ҳаракатланадиган ва ҳар куни бир хил вазифаларни бажарадиган “сабзовот”га айланиб қоласан.

Ҳолбуки, ҳаётингдаги қайси давр сен учун энг самарали ва ижодий бўлганини эслаб кўрчи? Ишончим комилки, булар энг тўқ ва қулай пайтлар эмасди. Бировлар талабаликнинг уйқусиз тунларини, бошқалар ҳаётлари учун хавфли саёҳатлар ва вазиятларни, яна баъзилар ҳаммасини қайтадан бошлашга тўғри келган ҳаётининг инқирозли даврларини эслайди.


Кема учун бандаргоҳ хавфсизроқ, аммо уни бунинг учун қуришмаган


Иккинчидан, сен ҳаётий мақсадлардан воз кечяпсан

Ҳар бир ёки қарийб ҳар бир киши мия пўстлоғи остидаги теран жойда ҳаётининг энг ардоқли бир мақсадини асраб келади. Ҳа, худди “Парижни кўриш ва ўлиш” орзуси каби. Энг қизиғи, кўпинча бу мақсадлар жуда ҳам хаёлий ва эришиб бўлмас эмас. Аммо нимадир ҳар доим бизга халақит қилади. Биз ўз мақсадимизни тобора кейинга ва кейинга сураверамиз, атрофимизда қулайлик ҳудуди ўсиб борган сари у амалда қўл етиб бўлмас орзуга айланади. Чунки бир оз бўлса ҳам иссиқ ваннани тарк этиш ва кўчага чиқиш қанчалик қийин.


Учинчидан, сен ўзингни шунчаки билмай ўтишинг мумкин

Фақат қийинчиликларда инсоннинг ҳақиқий юзи намоён бўлади деган фикр бор, бу бутунлай тўғри. Сен иссиқхона шароитларида бутун ҳаётингни яшаб ўтишинг ва ҳеч қачон аслида нимага қодир эканлигингни билмаслигинг мумкин. Сен ҳақиқатан ҳам жасур ва тадбиркор бўла оласанми? Сен ҳақиқатан ҳам сабр ва сабот кўрсата оласанми ёки бу сенга шунчаки шундай туюляптими? Қулайлик ҳудудидан чиқиш ва, ўзинг учун бўлса ҳам, аслида қандай одам эканлигинг ва имкониятларинг ҳадди қаерда яшириниб ётганини тушуниб етиш пайти келди. Ишонтириб айтаманки, натижа сени албатта ҳайратга солади.

Қулайлик ҳудуди эрта ёки кеч ҳар қандай инсон учун унинг ривожланишини тўхтатадиган ва ҳаётни сезгилар таъсирчанлигидан маҳрум этадиган омилга айланади. Ҳаётингнинг энг қизиқ онларини эслаб кўр. Албатта уларнинг кўпчилиги айнан сен қандайдир ўзгача, экстремал, одатий тартиб доирасидан чиқадиган нарсалар қилган лаҳзалар билан боғлиқ бўлиши керак. Ўз қулайлик ҳудудингдан чиққандинг.

Хўш, нима учун буни яна қилмаслик керак?


Қулайлик ҳудудидан чиқ

Қулайлик ҳудудидан чиқ ва ундан узоқроқ юр. Биз ўз қулайлик ҳудудимизда турганимизда, аҳамиятга арзигулик ҳеч нарса юз бермайди.