ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИ - страница 18




Одатланган нарсага ёпишиб олма

Агар сен одатланиб қолган нарсанг доирасидан чиқишга қарор қилмасанг, сен ҳеч қачон қўрқувлар устидан ғалаба қозониш ва қанот чиқариш қувончини билмайсан. Ривожланиш сенинг қулайлик ҳудудинг ташқарисида юз беради.


Барқарорлик ўликлар учун

Мен одамларнинг кўпинча “Менга барқарорлик керак” деб айтаётганларини эшитганман. Мен бунга шунчаки “Барқарорлик ўликлар учундир” деб жавоб бераман.


Қулай уячангдан сакраб чиқ

Бир кунмас бир куни қуш учишни ўрганиши учун пастга сакрашига тўғри келади. Сен бошқаларнинг парвозини кузатиб, инингда ўтиришинг ва бахтли бўлишинг мумкин эмас.


Оқимга қарши суз

Қулайлик ҳудуди сенга панд бериши мумкин. Юрилавериб текис бўлиб кетган ғилдирак изидан четга оғиб кетмасдан юриш осон, аммо энг кам қаршилик кўрсатувчи йўл энг омадсиз бўлиб чиқиши мумкин. Баъзида бу йўл бўйлаб юриш жойда депсиниб туриш билан баробар.

Агар шунчаки қулайлик ва қийинчиликлар йўқлиги сени тўла қониқтирса – жуда соз, аммо сен ҳаётдан бутунлай бошқа нарсани исташинг лозим.


Ўз қўрқувларинг билан кураш

Буюклардан кимдир ҳар куни ўзинг қўрққан нарсалардан бири билан шуғулланишни маслаҳат берганди. Бу жуда қийин, аммо муҳим.


Ҳаммада қўрқув бор

Чиройлилар ҳам, истеъдодлилар ҳам, ақллилар ҳам, омадлилар ҳам янги нарсани бошлаш, одатий муҳитдан чиқиб кетиш, таваккал қилиш, одатланмаган ниманидир қилишдан қўрқишади. Яқинлари учун, иши учун, баъзан ҳаёти учун хавотир бўлади. Яна бошқа нарсалар ҳам бор. Қўрқув давом этаверади.

Тажрибанг, амалиётинг, ишончинг, ҳурматинг, пулинг, истеъдодинг қанчалар бўлмасин, аммо ҳар сафар янги юксакликка жазм қилинганда, ҳар сафар саҳнага чиқилганда, ҳар сафар яқинларига қайрилганда – у ёки бу даражада қўрқув бўлади. Бу табиий. Бу сен ҳали тириклигингдан далолат. Демак, қўрқув орқали, ундан бутунлай халос бўлишга интилмасдан, олдинга бориш керак.


Ўз қўрқувларинг кўзига боқ

Нафақат қара, балки у билан жанг қил. Бу ерда кескин усуллардан фойдаланиш лозим.

Баландликдан қўрқасанми? Парашют билан сакрашга бор.

Бошлиғингдан қўрқасанми – унинг олдига янги рационализаторлик таклифлари билан бор.

Нотаниш кампаниялардан қўрқасанми – нотаниш давраларга, базмларга олға. Ёлғизлик пайтида эски ошнанг билан суҳбатлар ортига беркиниб ўтириш ўрнига ҳам шу усулни танла.

Мана шунақа дала шароитларида ўрган.


Бошқача яшашга ҳаракат қилиб кўр

Энг майда-чуйдаларгача янгича яшашга ҳаракат қилиб кўр. Спортнинг янги тури билан шуғуллан. Олдин ҳеч қачон қилмаган нарсани қилишга уриниб кўр. Ҳар сафар одатдаги ишлар билан шуғулланаётганда, ҳозирнинг ўзидаёқ мен нимани бошқача қила олишим мумкин деб ўзингдан сўраб кўр. Ўзингда янги нарсаларни синаб кўриш, топталган сўқмоқларни секин-аста тарк этиш одатини ярат.


Ўз чегараларингдан сакраб чиқ

Агар қаергадир ҳали бормаган бўлсанг, бу ўша ер сенга ёқмаслигидан далолат бермайди. Агар нимадир сенинг мажбуриятларингга кирмаса, бу сен уни қила олмаслигингни билдирмайди. Қайси лигада ўйнашни фақат сен ҳал қиласан.


Сен зерикарли ҳаёт кечиряпсан

Кўплаб кишиларнинг ҳаёти ўзгаришларсиз кечади, бу зерикишга олиб келиши мумкин. Одамзод фан ва техниканинг сўнгги ютуқларидан баҳраманд бўляпти, атрофимиздаги дунё оддий ва нисбатан хавфсиз, унда саргузаштларга жой қолмаган. Эскича тушунчалар гирдобига тортади.

Аммо ҳаётга турли-туманлик киритиш учун кўплаб усуллар мавжуд. Олдингда сени одатдаги маромингдан чиқариб юборадиган ва ҳатто қўрқитадиган нарсани қилишни мақсад қилиб ол – ишон, сени уйғотадиган, ғафлатдан чиқарадиган, ҳайратлантирадиган ва мафтун этадиган жуда кўп нарсалар топилади.