Маънавий олам мусаввири - страница 10



Умрбоқий асарларида инсон эрки, озодлик ва тенглик ғояларини мағрур куйлаган, халқлар биродарлигини улуғлаган А.С.Пушкин шеърий даҳоси қудрати билан умумбашар шоирига айланди. Унинг олийжаноб, умуминсоний гўзал ғоялар, эзгу ҳислар порлаб турган ганжина асарлари дунё халқлари тилларига таржима қилиниб, мудом севиб ўқилмоқда. Рус халқининг миллий ғурури бўлиб қолган даҳо шоир ҳақли равишда «Рус поэзиясининг қуёши» деб юксак шараф этилган. Жумладан, катта муваффақият қозонган «Кавказ асири» достони ва «Сув париси» пьесасини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган хассос шоир Ҳамид Олимжон Пушкин шеърий даҳосини «Рус шеъриятининг баҳори» дея юксак эътироф этади.

Буюк лирик шоир А.С.Пушкин қатор насрий ва драматик асарлар ҳам яратиб, башар авлодларига улкан ҳамда бебаҳо адабий мерос қолдирди. Унинг рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган «Капитан қизи», «Дубровский», «Буюк Пётрнинг ҳабаши», «Марҳум Иван Петрович Белкин қиссалари» каби насрий асарларини, улкан ижтимоий-фалсафий муаммолар юксак бадиий ифодасини топган «Моцарт ва Сальери», «Тош меҳмон», «Хасис Рицарь», «Ўлат чоғидаги базм» номли мўъжаз трагедияларини дунё китобхонлари ҳамон завқ-шавқ билан мутолаа қилмоқда. Шунингдек, озодлик туйғулари, эҳтирослар кураши тасвирланган «Кавказ асири», «Боқчасарой фонтани», «Мис отлиқ», «Руслан ва Людмила» каби достонлари ҳам умуминсоний бебаҳо маънавий мерос ҳисобланади.

Пушкин – ғурури баланд, жўшқин қалб соҳиби; ҳур фикрли эрксевар шоир.

Буюк рус ёзувчиси Н.В.Гоголь Пушкин даҳосини шарафлаб, шундай таъриф беради: «Пушкин фавқулодда ҳодисадир ва эҳтимол, рус руҳиятининг ягона ҳодисаси».

Ҳақиқатан, буюк Пушкин ўз асарларида рус ҳаётини, рус характерини моҳирона тасвирлаб берган.

XX аср бошларидан буюк рус шоирининг ларзакор шеърий асарларини Ҳамид Олимжон, Чўлпон, Ойбек, Усмон Носир, Миртемир каби хассос шоирлар ўзбек тилига юксак савияда ўгира бошлашди. Асқад Мухтор, Рамз Бобожон, Зулфия таржималари ҳам таҳсинга лойиқ. Пушкиннинг ҳайратбахш шеърий асарлари ҳозирга қадар кўплаб иқтидорли ижодкорлар томонидан тилимизга юксак маҳорат билан таржима қилинмоқда. Хусусан, истеъдодли шоир Мирза Кенжабек «Евгений Онегин» шеърий романини тилимизга яна бир бор таржима қилди. Шунингдек, кейинги йилларда истеъдодли шоир Ҳумоюн Пушкин шеърий асарларини ўзбек тилида янгидан жаранглатмоқда. Айтиш жоизки, буюк инглиз шоири П.Б.Шеллининг «Ғарб шамоли» китоби ҳам 2013 йили заҳматкаш таржимон Ҳумоюн ўгирмасида ўзбек тилида чоп этилди. Моҳир мутаржим буюк ирланд адиби ва шоири Жеймс Жойснинг «Камер мусиқаси», «Донаси бир пенни» шеърий тўпламларини аслиятдан ўзбек тилига ўгирди. Ушбу таржималар «Жаҳон адабиёти» журнали саҳифаларида чоп этилди. Ҳумоюн Жон Мильтон, Томас Элиот, Редъярд Киплинг, Константин Бальмонт ва Расул Ҳамзатов каби жаҳон адабиёти ёрқин намояндалари ижодидан айрим асарларни ўзбек тилига моҳирона таржима қилди.

Пушкин шеърий асарлари таржимаси хусусида сўз кетганда, аввало, Чўлпон, Ойбек, Усмон Носир ва Миртемир хизматларини алоҳида таъкидламоқ керак. Академик шоир Ойбек XIX аср бошидаги рус ҳаёти, давр қаҳрамонлари, ижтимоий-сиёсий, ахлоқий-маънавий муаммолар, рус миллий характерининг ўзига хос хусусиятлари чуқур ёритиб берилган, замонавий руҳ касб этган «Евгений Онегин» шеърий романини тилимизга юксак маҳорат билан таржима қилди. Ҳамид Олимжон «Кавказ асири», Усмон Носир эса «Боқчасарой фонтани» достонларини зўр илҳом кучи билан қиёмига етказиб таржима қилишди. Чиндан ҳам, мазкур таржималарни ўқиб, ҳайрат туйғуларига асир бўламиз. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов лутф қилганидек,