Маънавий олам мусаввири - страница 8
Мен руҳиятимни ҳалокатлардан асраб қолувчи Умид қанотларига суянганча варақланаётган қисмат китобимнинг навбатдаги саҳифаларидан – Яратганга беҳад шукрона ўқиб – аён дарж этилмиш қутлуғ кунлар шукуҳини интиқ кутаман ва умид инсонни ҳеч қачон тарк этмаслигини ҳар қачонгидан теран идрок этаман, негаки учқур заковат соҳиби Б. Рассель эҳтирос билан таъкидлаганидек, инсон қалбида Умид ва Озодлик қуввати ҳамиша барқ уриб туради. Бироқ фараҳли дақиқаларда табиатимни равшан қилган халоскор умидбахш туйғулар вужудимни тарк этиб, туйқус тушкунлик ҳиссиётлари яна устимга кўчкидек ёпирилиб келади ва шум қисмат мени ёлғизлик бағрига мангу бадарға қилгандек, яна танҳоликнинг беҳаловат салтанатида руҳсиз-шуурсиз, далли-девона кеза бошлайман. Эртанги кун умиди ва ишонч-эътиқодим чилпарчин бўлиб, хаёлимда кўз илғамас уфқлар томон олислаб кетаётган тантанавор келажак манзараларига умидсиз ва забун термулиб қоламан; силлайи мадорим қуриб, самовий кайфиятим бир лаҳзада тумандек тарқаб кетади. Шикаста руҳиятим тушкунлик ва умидсизлик қаърига тобора чуқурроқ сингиб кетган бундай уқубатли дамларда ёдимда нечанчи бор Марио Варгас Льосанинг «Ёш романнависга мактуб» эссеси гавдаланади ва қиёслашда моҳият бошқа-бошқа бўлса-да, чангалида эзиб ётган мудҳиш танҳолик ҳисси безовта-бетаскин руҳиятимда ўзини-ўзи еб битираётган катоблепасдай бениҳоя эзгин таассурот уйғотади.
«Мустаҳкам ишончнинг тантанавор дақиқаларида шуни эътироф этишим керакки, мен Ёлғизликни дунёдаги ҳар қандай одамдан кўра яхши биламан ва теран ҳис этаман. Уни менинг туғишган жигарим деб атамоққа ҳаққим бор, ахир, ҳақиқатда шундай-ку!!!»
Худоё, ботинимдаги қайғу-изтироб манзараларини Томас Вульф аллақачон қоғозга тушириб улгурибди, эссени гўё менинг тилимдан битибди ёки ҳар ҳолда мазкур эссе қаҳрамони – қисмат танҳолик салтанатига мангу сургун этган ўзимдек худди!
Шундай. Ёлғизлик менинг ҳам туғишган жигарим. Вульф иқрор бўлганидек, вақтнинг улкан оқимлари аро оқиб ўтаётганимни сезиб турарканман, руҳиятимни чилпора этаётган танҳолик дамларида шиддатига дош бериб бўлмайдиган мубҳам хавотир тошқини устимга кўчкидек ёпирилиб келаверади ва мен машъум ёлғизлик ҳиссиётларига тамоман асир бўлмаслик учун ижодга, мутолаа сеҳрига шўнғийман…
Барибир, мен ўзимни ҳамиша танҳо ҳис этаман ва бу азобли ҳиссиёт чангалидан ҳаргиз қутулолмайман. Ўзим танҳо, руҳиятим – танҳо. Гўё бу дунёда борлиққа ўгай, ёлғизликка мангу маҳкум этилган ночор-нотавон кимсадек, эзгулик ва ёвузлик, маърифат ва жаҳолат абадий курашадиган алғов-далғов дунёда мудом ноаён сирли кучларга бўйсуниб яшайман. Агар шу ўринда Сартр ва Камю асарларига чуқурроқ мурожаат қилсак, ҳаётнинг маънисизлиги, инсоннинг борлиқда мавжуд эканлиги кулфатдан бошқа нарса эмас ва борлиққа тамоман ўгай, танҳоликка маҳкум этилган инсон умри моҳиятан бемаъни саробдан иборатдир…
Суҳбатдош Марио Варгас Льосанинг ёлғизлик мавзуси ҳақида берган саволига Маркес шундай жавоб беради: «Мен шу чоққача ўзини танҳо ҳис қилмаган ҳеч кимни билмайман. Шунинг учун ёлғизлик тушунчаси мени қизиқтиради… Одамзод танҳо яшамаслик учун нималар қилмасин ва қанчалик хоҳламасин, барибир ёлғиз. Чунки у шундай туғилган, шундай яшайди ва шундай ўлади… Менимча, у одамзоднинг бир бўлаги. Тўғрироғи, руҳияти. Руҳияти ҳамиша ёлғиз».
Демак, ёлғизлик – менинг бир бўлагим. Бу дунёда танҳо яшамаслик учун нимаики чора-тадбир қўлласам-да, руҳиятим барибир ёлғиз. Моҳиятан, тақдир мени унутиб қўйган, қувват вужудимни тарк этган, бор имконлар елга совурилган. Кунларим маҳзун, тунларим – беҳаловат. Лекин шундай тушкунлик кунларининг бирида вужудимда ҳаётга беҳад ишонч, бепоён муҳаббат ва мустаҳкам эътиқод пайдо бўлади ва қайноқ томирларимда жўшқинлик ҳиссиётлари мавж ура бошлайди. Бинобарин, «