Читать онлайн Оқилжон Ғофуров - Маънавий олам мусаввири



Редактор Ибратжон Хатамович Алиев

Иллюстратор Ибратжон Хатамович Алиев

Редактор Венера Ахмедовна Гафурова

Дизайнер обложки Ибратжон Хатамович Алиев

Технический редактор Азиза Гафуржановна Исмаилова

Редактор и бизнес-консультант Фаррух Муроджонович Шарофутдинов

Редактор Боходир Хошимович Каримов

Корректор Муътабар Ахмедовна Гафурова


© Оқилжон Ғофуров, 2021

© Ибратжон Хатамович Алиев, иллюстрации, 2021

© Ибратжон Хатамович Алиев, дизайн обложки, 2021


ISBN 978-5-0055-5696-7

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

МАЪНАВИЙ ОЛАМ МУСАВВИРИ

ГЁТЕ, «ФАУСТ» ВА ЭРКИН ВОҲИДОВ

Эркин Воҳидов – ўзининг сирли-соҳир, нафис оҳангларга йўғрилган бетакрор шеърияти, драматик асарлари, публицистик ва адабий-танқидий мақолалари ҳамда жаҳон адабиёти машҳур намояндалари ижодидан қилган таржималари билан ўзбек адабиёти хазинасига улкан ҳисса қўшган йирик сўз санъаткоридир. Айниқса, Ватан, жонажон Ўзбекистон, Истиқлол ҳақида битилган шеърий асарларида юртга фидойи шоир қалбида сўнгсиз фахр, ифтихор туйғулари жилоланиб туради.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, қадимги Юнонистонда Аристофан комедияларини, французлар «Тартюф», «Дон Жуан», «Мизантроп» (Мольер), руслар «Ревизор» (Н.В.Гоголь) комедияларини саҳналаштириб, қанчалар севиб томоша қилса, халқимиз «Олтин девор» комедиясини шунчалик мароқ билан томоша қилади. Хусусан, ушбу қувноқ комедия жаҳоннинг қатор тилларига таржима қилиниб, театрларда саҳналаштирилди, ўзбек драматургияси нуфузини оламга ёйди.

Беназир шоир Эркин Воҳидовнинг таржимонлик фаолияти ҳам унинг ижодида катта салмоққа эга. У Йоҳанн Вольфганг Гёте, Расул Ҳамзатов, Сергей Есенин, Михаил Светлов ва Александр Блок сингари кўплаб машҳур жаҳон шоирларининг нодир шеърий асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилди. Жумладан, улуғ немис шоири Й.В.Гёте қаламига мансуб «Фауст» асари таржимаси адабиётимизда ва маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди.

Йоҳанн Вольфганг Гёте (1749—1832) – улуғ немис ёзувчиси, даҳо шоир, етук драматург, файласуф, адабиётшунос ва давлат арбобидир. У, шунингдек, ҳуқуқшунос, табиатшунос, шарқшунос ва мусаввир сифатида теран заковат, қомусий билим соҳибидир. У жаҳон адабиёти хазинасини «Фауст», «Ёш Вертернинг изтироблари», «Ғарбу Шарқ девони», «Ҳамроз диллар» каби умрбоқий асарлар билан бойитган улуғ сиймодир. Хусусан, «Фауст» трагедияси жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири саналади.

«Фауст» – мутолааси қалбимни тўлқинлантирган энг севимли асарларимдан биридир. Қачонки, такрор-такрор мутолаа қилар эканман, ушбу ҳайратомуз асар бот-бот ҳаёт муаммолари, одам ва олам тўғрисида, хилқат ва абадият ҳақида чуқур мушоҳада қаърига чорлайверади; унинг ақл бовар қилмас теранликларида инсон хаёлини мудом банд қилиб келган азалий ва абадий саволларга жавоб излайман; борлиқнинг тилсимот каби сиру асрорларидан воқиф бўлмоқ истайман. Зеро, дунё китобхонлари тафаккурини ҳамон ларзага келтираётган «Фауст» фожиасида яхшилик ва ёвузлик каби икки мангу қарама-қарши куч курашади.

Инсон ҳаётининг маъноси, умрнинг вазифаси нимадан иборат? Табиат ва коинотнинг қудратли кучларини инсон иродасига бўйсундириш, унинг қонунларини синчков ўрганиш ва тилсимли олам сир-асрорларини инсоният фойдасига хизмат қилдириш доимий орзуси бўлган учқур тафаккур соҳиби шу муаммо устида узоқ бош қотирди. Бинобарин, Гёте буюк қаҳрамон Фауст тимсолида файласуф Гётенинг қалбидаги эзгу ва порлоқ орзу-умидлар рўёбга чиқди.

Бу кўҳна дунё, бу сирли очун моҳиятини чуқур англаб етмоқ мақсадида теран заковат соҳиби Й.В.Гёте немис халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган ақлли инсон Доктор Фауст ва шайтон Мефистофель ҳақидаги ривоятлардаги афсонавий образларга ижодий ёндошган ҳолда бадиий фантазия ва чуқур билимига таяниб, улуғвор «Фауст» асарини дунёга келтирди. Даҳо адиб шоҳ асарини яратиш учун салкам олтмиш йил заҳмат-машаққат чекди! Кўзланган ғоя ва мақсадини рўёбга чиқариш учун Гёте шоҳ асарида қадимги Ҳинд, Миср, Рим ва Юнон мифологияларига ижодий ёндошди. Даҳо ижодкорнинг зукко нигоҳидан ҳатто Шимол халқлари тасаввурлари, афсоналардаги марҳумлар руҳи билан гаплаша оладиган саҳҳор (сеҳргар) Георг Сабелликус, Товит («Таврот») ҳақидаги яҳудий афсонаси-ю, Одам Ато ва Лилит ҳақидаги коббалистик афсона ҳам четда қолмади.

Коббалистик афсонада ёзилишича, Лилит Одам Атонинг Момо Ҳаводан олдинги хотини бўлган экан. Эмишки, Лилит Одам Атодан дунёга келган фарзандларини битта қўймай ўлдирган ва шу сабабдан ҳайдалган экан…

Бироз чекиниш қилиб айтиш жоизки, Доктор Фауст ва Мефистофель ҳақидаги ривоят ва афсоналарнинг туб замини немис халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ. Шу баробар, Европа халқлари орасида ҳам донишманд ва адолатпарвар, ҳар ишда омилкор Доктор Фауст ҳақидаги машҳур ривоятлар сақланган. XVI асрда яшаб ўтган машҳур инглиз драматурги Кристофер Марло 1588—1589 йилларда яратган «Доктор Фаустнинг фожиавий ҳаёти ва вафоти тарихи» номли фожиасига немисча Фауст ҳақидаги халқ китоби асос бўлган. Шунингдек, Фауст ҳақидаги афсонадан ижодий фойдаланган немис маърифатпарвар ёзувчиси, драматург Фридрих Клингер 1791 йилда ўзининг «Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши» номли романини яратди. Мазкур роман Маҳкам Маҳмудов ва Абдунаби Абдулқодировлар томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, «Жаҳон адабиёти» журнали 2014 йил сонлари саҳифаларида эълон қилинган. Кристофер Марло трагедияси ва Фридрих Клингер романидан фарқли равишда, Гёте ижод этган «Фауст» фожиасида Фауст образи умуминсоний мақомга кўтарилади.

«Фауст”да икки қарама-қарши куч – эзгулик ва ёвузлик курашади. Зеро, энг сирли тилсимот бўлган инсон қалби, ботинида ҳам икки куч – яхшилик ва ёмонлик ўзаро курашади. Асар қаҳрамони Доктор Фауст илм-фан ва ақл-идрок ёрдамида борлиқ, табиат сир-асрорларини тушуниш учун интилади; чин инсоний ҳузур-ҳаловат, руҳий-маънавий қаноатни илму ижодда, бунёдкорона меҳнатда кўради. Ҳаёт ва тараққиёт душмани шайтон Мефистофелнинг асл мақсади эса инсон ботинидаги ижобий куч – яхшиликни маҳв этиб, ёмон ва қинғир йўлларга буриб юбориш. Арши аълода иблис Мефистофель Тангри билан Фауст тўғрисида мунозарага киришади. Мефистофель фикрича, абадул-абад азоб-уқубатда яшашга маҳкум этилган инсон коиноти азимда ожиз бир нарса. Зеро, иблис коинот ва табиат сир-асрорларини илм-фан ва ақл-идрок кучи билан билиб олишга интилаётган Фаустга шубҳа назари билан қарайди. Суҳбат чоғида агар Тангри ваколат берса, ундан инсонни тортиб олажагини, уни бир йўлга солажагини айтади. Фаустни нафс бандасига айлантириб, қинғир йўлларга бошлай олишини комил ишонч билан айтади. Инсонга ақл-заковат ато этганини нотўғри йўл ҳисоблаб, Тангрига таъна қилади:

«Инсон – коинотда кичкина Худо,
Шундай яралган у азал ибтидо».
(Й.В.Гёте, «Фауст». «Янги асар авлоди», Тошкент – 2015. 17 бет.)

Тангри эса, ўз қарашида мутлақо ҳақ: инсон гоҳида адашиб-улоқиб, азоб-уқубатда яшаса ҳам, алал-оқибат, тинимсиз изланиш ва қидиришлар натижасида кўзланган камолот чўққиси томон дадил интилаверади. Тангри жавобан, инсон тирик экан, Мефистофель уни синаб кўришини, изланиш бор ерда адашиш ҳам борлигини айтади. Шайтоннинг нияти ҳам маълум: у Фаустни нурли йўлдан чалғитиб, қинғир йўлларга етакламоқчи; нафсини қўзғаб, гуноҳ ишларга ғарқ қилмоқчи.

Шундай қилиб, Тангри инсонни Мефистофель ихтиёрига топширди: қани, ҳар қанча тубанлик бўлса, бошласин, инсон унга қанчалик эргашар экан! Лекин Мефистофель Тангри билан гаровда баҳсни сўзсиз бой бермадимикин?

«Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён,
Зулматдан йўл топиб чиқолур инсон.
Унга чироқ бўлур мен берган идрок».
(Ўша нашр, 19 саҳифа.)

Лекин Мефистофелнинг ўзига мутлоқ ишончи комил: у одамзодни таслим этиб, тупроққа қориштириб, барбод қилмоқчи. Тангри шайтонга шундай жавоб беради:

«Инсон табиати уйқуга мойил,
Сен унга қутқу сол, туртиб тур доим.
Атрофида айлан, қўзғат эрта-кеч,
Ҳар замон бедор тут, ором берма ҳеч».
(Ўша саҳифа)

Алоҳа, иблис Мефистофелга илм-маърифат ва комиллик рамзи, энг пок руҳ ҳисобланган авлиё-руҳоний Фаустни йўлдан уриш, чалғитиш ҳақи берилади…

Хуллас, шайтон Фауст билан ҳам гаров ўйнайди. Гаров шартига кўра, агар Фауст дунёдаги нафсоний лаззатлардан қаноатланса, шайтон ғолиб чиққан ҳисобланади ва инсон унга ўз жонини беришга рози:

«Майли, қўлни бер!
Агар мен бир онни улуғлар бўлсам,
«Тўхта, эй сония!» – деб айтсам агар,
Сенинг тутқунингман майли ўша дам,
Сен сайёд бўлурсан – овга муяссар.
Ихтиёр сеники бўлур у кунда,
Менинг ихтиёрим – ҳукмингни кутмоқ.
Тўхтасин умримнинг соати шунда,
Мен учун чалинсин сўнгги қўнғироқ».
(69 бет.)

Эзгулик ва ёвузлик, адолат ва қабоҳат кураши зўр маҳорат билан тасвирланган «Фауст» фожиаси – том маънодаги инсон фалсафасидир. Асарда гавдаланган турли-туман тимсоллар Гётенинг ғоявий мақсадидан келиб чиқиб, маълум маънода фалсафий юк ташийди. Асарнинг иккинчи фаслида олам яралиши хусусида қадимги юнон файласуфлари Анаксагор ва Фалес ўзаро қизғин баҳс-мунозарага киришади. Анаксагор: «Ўт, вулқондан бўлди тоғ бунёд», – деб ўз қарашларини илгари сурса, Фалес: «Сувдан келиб чиқади ҳаёт», – дея, ўз қарашларида собит туради. Моҳиятан олиб қарасак, бу икки файласуф орасидаги баҳс-мунозара воситасида нептунизм тарафдори бўлган файласуф Гёте бу борада ўзининг олам яралиши хусусидаги геологик қарашларини ифода этади…



Асар ҳақида фикр-мулоҳазаларимизни давом эттирсак, Фауст – эзгулик, тараққиёт, адолат курашчиси сифатида бўй кўрсатса, Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт душмани, тараққиёт кушандаси сифатида бор бўй-басти билан намоён бўлади. Фауст – бутун мавжудиятида ҳаётсеварлик, табиатга, тирикликка поёнсиз муҳаббат ҳислари жўш ураётган хилқат; Мефистофель – башарий тамаддун ёви, зулм-залолат тимсолидир.

«Ул инсон бахтликим, бу зулмат аро
Ҳидоят йўлини излар дамо-дам.
Аён нарсалардан фойда йўқ асло,
Сирлар дунёсига интилар одам»,

 дейди Фауст шогирди Вагнер билан суҳбат асноси. (Йоҳанн Вольфганг Гёте. «Фауст». «Янги аср авлоди», Тошкент – 2015, 48-бет.) Модомики, Фауст бутун борлиғи билан тараққиёт сари, сирлар дунёси сари интилади; ҳаёт куйчиси Фауст қалбидаги эзгу инсоний туйғулар сарҳад билмас орзулар билан ҳамоҳанг:

«Не учун, не учун йўқ менда қанот?
Қуёшнинг кетидан қувлашиб учсам,
Алвон шуълаларга чўмиб борлиғим,
Юксак тоғлар узра этсаму парвоз,
Ҳам соф ирмоқларга бўлолсам ҳамроз,
Ҳис этсам қуш каби бахтиёрлигим».
(Ўша нашр, ўша саҳифа.)

Равшан англашилиб турганидек, ҳаётсеварлик, эзгулик, жумла олам тартиботига меҳр-муҳаббат туйғулари доктор Фаустнинг қалб меҳваридир. Вагнернинг ҳам устози каби орзулари мўл. Лекин унинг ҳаваслари бошқа, ўзгача. Унинг дилини на ўрмон, на кўл банд этади; қуш бўлиб учмоқ ҳам муроди эмас.

«Кўнглим тилагидир хаёл парвози,
Юрагим дардига китобдир малҳам.
Китоб ўйларимнинг ёлғиз ҳамрози,
Унга ошинодир кечаларим ҳам.
Қувончдан осмонда учарман агар
Қўлга тушиб қолса нодир бир асар».

Англашиладики, Вагнер тимсолида Гётенинг бой руҳий-маънавий олами бўй кўрсатади. Китобга буюк муҳаббат, мутолаага ташналик – эзгу фазилат.

Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт кушандаси, тамаддун ёви сифатида доктор Фауст билан илк тўқнашув жараёнида ўзининг инкор руҳи эканлигини талқин этади:

«Мен инкор руҳиман, инкор қилишни
Касб қилиб олганман – коинот абас,
Тангри не яратмиш бари керакмас,
Барини йўқотмоқ истагим-сўзим
Хуллас, сиз ёмонлик дея атаган —
Бузиш беомонлик дея атаган
Куч – менинг ўзим».