Маънавий олам мусаввири - страница 2
(Ўша китоб, 57-бет.)
Шу тариқа Мефистофель Фаустни йўлдан оздириш, қалбига эга чиқиш мақсадида турли йўлларга бошлаб боради. Дастлаб Лейпцигдаги Ауэрбах ертўласига бошлаб киради ва у ерда кайф-сафо билан машғул бўлган Фрош, Брандер, Зибель ҳамда Альтмайер каби улфатлар кўз ўнгида ғаройиб нағма-жодулар кўрсатади. Сўнгра икковлашиб «Алвастининг ошхонаси”га ташриф буюришади; у ерда алвасти кампир косага шароб қуйиб, Фаустга тутқазади. Мефистофелнинг асл мақсади – Фауст қалбини севги-муҳаббатга тўлдирмоқ. Фауст шайтоннинг афсуни билан навқирон йигитга айланиб, кўзига «Еленадек соҳиби жамол» бўлиб кўринган Маргарита (Гретхен) исмли халқ орасидан чиққан содда қизга ошиқу шайдо бўлиб қолади. Фауст билан учрашган Маргарита ҳам оромини тамом йўқотади. Бир-бирига кўнгил боғлаган ошиқ-маъшуқлар вақти-вақти билан учрашиб, қўл ушлашиб боғда сайр қилиб юришади; севги-муҳаббат мавзусида узоқ суҳбатлар қуришади. Кун келиб ораларида фарзанд дунёга келади. Лекин қаҳри қаттиқ, мутаассиб руҳонийлар жазосидан қўрққан боёқиш Маргарита боласини сувга чўкдириб юборади. Оқибат, машъум сирдан воқиф бўлган черков ходимлари шўрлик Маргаритани кишанбанд этиб, зиндонга ташлайдилар. Изтироблар оташида қовурилаётган Фауст Гретхенни зиндондан халос қилиш мақсадида тун маҳали Мефистофель ҳамроҳлигида қора тулпорларда ҳибсхона томон елиб боришади. Бироқ аёлни қутқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар зое кетади, чунки кучли руҳий изтироблар юрагини пора-пора қилган шўрлик аёл ақлидан озиб қолганди. Ҳолбуки, Маргарита ким кўзига кўринса, жаллод деб ўйлаб, талвасага тушади. Фаустни ҳам қатл қилгани келган жаллод деб ўйлаб, ёнидан ҳайдайди. Фауст эса, зўр бериб ўзини танитишга, англатишга уринади. Шунда ҳам Маргарита ўз маҳбубини таниб-таниёлмайди. Фақат чуқур ҳам-андуҳга ботиб, нола чекади:
(193 бет.)
Надоматлар бўлсинким, ўз ошиғи васлига етиш ниятида телбавор ҳаракатлар қилиб, волидасини уйқу дори бериб ҳалок этган, ўзи туққан фарзандини сувга улоқтириб нобуд қилган муҳаббат асираси, шўрлик Маргарита энди тақдир қаршисида энг шафқатсиз жазоларга мустаҳиқ. Алоҳа, қисматидаги кўргуликларни содда юраги кўтара олмаган Маргарита фожиали тарзда ҳалок бўлади. Бу жудоликдан руҳан қаттиқ изтироб чеккан Фауст ғам-аламлар оташида қовурила бошлайди. Мана, у роҳатбахш оқшом чоғида гул-гиёҳлар очилган бир далада ётибди. Вужуди ҳорғин, кўзлари мудроқ, лекин юраги нотинч. Атрофида кичкина руҳлар қўшиқ айтмоқда; майин сабо эсган паллада Ариэль Сабо арфаси (Эоль арфаси) нинг оҳанги остида куйламоқда:
Чин, руҳияти абгор бўлган Фауст энди ором олиши, чарчоқ вужуди тўйиб тин олиши керак. Сўнгсиз қайғулардан жони фориғ бўлиб, нурли дунёга қайтиши керак. Унинг азал қисмати шу…
(202 саҳифа.)
Руҳлар ҳам жўр бўлиб, янги кун янги орзулар ҳадя этишини астойдил тилаб, инсон теграсида ҳаётбахш қўшиқ куйлади… Руҳафзо майин сабо эсган паллада тиниб ором олган инсон ҳаёт қаршисига яна шодон пешвоз чиқди. Кўксида яна ёниқ истаклар уйғонди, орзулар кўкида парвоз қилмоқ иштиёқи бутун мавжудиятини қамраб олди; тозарган юрак ҳаёт чўққисига интила бошлади. Бироқ шайтон ва инсон ўртасидаги баҳс-мунозара ҳали давом этарди…