Маънавий олам мусаввири - страница 3
Гаров бойлашган ҳамроҳлар энди император саройидаги муҳташам кошоналарда уюштирилган дабдабали базму жамшидларда иштирок этишади, лекин руҳи фаолият ва қайноқ ижодга мойил Фауст бундаги лаззатлардан кўнглида заррача қаноат ҳисси туймайди. Ўйлай-ўйлай, энсаси қотган Мефистофель Фаустнинг қалбини гўзаллик билан мафтун қилиш мақсадида уни қадимги Юнонистонга сайр эттиради. Фауст у ерда Спарта маликаси, подшоҳ Менелайнинг ҳуснда беназир хотини Еленага ошиқу шайдо бўлиб қолади. У соҳибжамол аёлнинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга ҳозиру нозир…
(398 бет.)
Чин, бешафқат тақдир Еленани эркаклар қалбининг офати қилиб яратди…
(394 бет.)
Юнон афсоналарида ёзилишича, Троя шаҳзодаси Парис садоқатли дўсти Эней билан Спарта подшоҳи Менелайнинг саройига меҳмон бўлиб келади. Шоҳ Менелай азиз меҳмонларни бағоят иззат-икром ва очиқ чеҳра билан кутиб олади. Саройда ҳашаматли зиёфатлар, тантанали базмлар уюштиради. Зиёфат пайтида Парис Еленанинг илоҳий ҳуснига маҳлиё бўлиб қолади. Келишган қадди-қоматига эгнидаги ҳашаматли Шарқ либослари янада кўрк бағишлаган Парис ҳам Еленани мафтун этади. Шу кунларда Менелай шошилинч равишда Крит оролига жўнаб кетади. Тақдир туҳфа этган имкониятдан фойдаланган Парис Афродита ёрдамида ширин-шакар сўзлар билан Еленани авраб, кемасига хуфиёна олиб чиқади; меҳмондўст Менелайнинг гўзал хотинини, бутун хазинасини Трояга ўғирлаб олиб кетади. Парисга мафтун бўлган Елена қадрдон Спарта диёрини ҳам, эри ва қизи Ҳермионани ҳам унутиб юборади…
Мусибатдан огоҳ этилган Менелай дарҳол Спартага қайтиб келади. Париснинг кўрнамаклиги ва Еленанинг хиёнатидан дарғазаб бўлиб, азоб-уқубат чекади. Юрагида дам сайин интиқом олови гуркирайди. Зудлик билан оғаси Агамемнон ҳузурига боради ва қандай интиқом олиш хусусида маслаҳат сўрайди. Интиҳо, бутун Юнон ўлкасидаги подшоҳлар машварат қуриб, жабрдийда шоҳнинг акаси, Микен подшоҳи Агамемнонни бош саркарда тайинлаб, сафарга шай қилинган кемаларда Троя устига бостириб борадилар. Шу тариқа, Еленанинг Парис томонидан ўғирланиши бевосита Троя муҳорабасига сабаб бўлади…
Аввалги мулоҳазаларимизни давом эттириб айтсак, Фауст билан Еленадан Эвфорион исмли фарзанд дунёга келади. Лекин асов табиатли Эвфорион ўзини эрта ҳалок этади. Модомики, йигитчанинг бебок юраги, жиловланмаган истаклари баландларга учиб, кўкни қучишни истайди; у тоғ-ўрмонлар кезишни, довонлар ошишни ҳавас қилади, бебош хаёллар измида қоядан-қояга сакраб, аста юқорига кўтарилади. Мана, унинг қаршисида беором денгиз, кўрк очиб турган Пелопс юрти…
Пировардида, навқирон қалби шараф томон, шон томон олға интилишни истаган Эвфорион :
(417 бет.)
«Кийими уни бир лаҳза ҳавода тутиб туради. Боши устида нур кўринади. Унинг ортида шуълали из қолади… Гўзал йигит ота-онасининг оёқларига йиқилади. Унинг юзида таниш белгилар бор…»
(419 бет.)
Эвфорион доғида бағри қон ютган «