Маънавий олам мусаввири - страница 7
Хулоса ўрнида айтганда, Эркин Воҳидов «Фауст”дек дунё адабиётининг ноёб дурдонасини кучли иштиёқ ва маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, улкан маънавий жасорат кўрсатди. Наздимда, Гёте, Эркин Воҳидов ҳамда «Фауст» фожиаси таржимаси орасида илоҳий тақдир ришталари бордек. Эркин Воҳидов туфайли китобсевар халқимиз Гётенинг тафаккур меваларидан баҳраманд бўлмоқда.
2017 йил, январь.
Тўлдирилди: 2019 йил, октябрь.
ЁЛҒИЗЛИК АНАТОМИЯСИ
Яққол англаб турибман, муҳтарам эссесевар китобхон, хаёлингизда савқи-табиий билан атоқли америкалик ёзувчи Томас Вульф гавдаланди ва ичингизда иқрор бўлиб турганингиздек, онг-шуурингиз қатламларида ёқимли ҳам дилгир таассурот ғимирлаб қўйди; орадан кечган талай олағовур – балки сиз учун ҳузур-ҳаловат қучоғида кечган, моҳиятан хушбахт, осуда дамларни бахшида этган – йиллар мобайнида қалбингиз теранликларига оҳиста сингиб кетган ўша таниш ҳис-кечинмалар яна беихтиёр дилингизни қамрай бошлади. Модомики, мен жамики кулфат-изтиробимизнинг ягона манбаи бўлган ёлғизлик ҳисси руҳиятида ўта қақшатқич кечаётган, қалби ҳамиша оғир шубҳа-гумонлар, руҳий тушкунлик ва саросима исканжасида ўртанаётган, нигоҳи ва ақлидан яширин халос бўлиш йўлини тополмай овораи сарсон бўлаётган, азал қисмати танҳоликка маҳкум этилган тақдир жафокаши сифатида инсоннинг асосий азоб-уқубати – ёлғизлик ҳисси ҳақида ёзишга машҳур америкалик адиб каби ўзимни ҳақли инсон деб эътироф этаяпман ва бу кўнгилдалда машғулотим зинҳор аллақандай ўткинчи, яна маънодан маҳрум, асоссиз даъво сифатида талқин этилмаслиги лозим, негаки камина Худога астойдил ишонган ҳолда танҳолик лаҳзалари даҳшатини ҳар кун, ҳар вақт қисматдошим Вульфга қараганда ҳам икки ҳисса оғирроқ кечираяпман, икки ҳисса теранроқ ҳис этаяпман. Модомики, менинг ҳаётим ҳам бошқаларникига қараганда аксар танҳолик ва саргардонлик ичида ўтяпти, нега шундай бўлаяпти – сабабини тушунтириш жудаям маҳол, лекин ҳақиқатда шундай бўляпти – тамом-вассалом..
Ҳар ҳолда, мен ёлғизликнинг асл қиёфасини танҳоликни борлиқнинг асосий, муқаррар воқелиги деб тавсиф этган Томас Вульф каби имкон қадар тиниқроқ тасвирлашга аҳд қилдим, – дарвоқе, бу тарз фикр-мулоҳазаларимни асло кибр-ҳаво ва манманликка йўймассиз деб умид (балки илтимос) қиламан – ҳолбуки, Вульф поёнсиз надомат ҳиссиётлари билан иқрор бўлганидек, англашилмас шафқатсиз куч измида буткул ихтиёримдан ташқарида – таркидунёчиликда кечаётган табиатан некбин руҳиятимга номарғуб ҳаётимнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари интиҳосиз туюлаётган зоҳидоналик кунлари уқубатларини, шикаста дилимни изтиробга солаётган ночор аянч ва яланғоч мажруҳлик ситамларини узоқ йиллар давомида муттасил бошдан кечираяпман. Ростига кўчганда, ҳар қандай инсон руҳиятини абгор қилувчи ва тубсиз тушкунлик қаърига улоқтириб юборувчи бу тарз зоҳидона ҳаёт тарзи кейинги пайтларда шундай ҳолдан тойдирдики, танҳоликдаги руҳий ҳолатларимни ўзгаларнинг тасаввур қилиши амримаҳол. Шунда баногоҳ Вульф азбаройи танҳоликда ҳис этганидай, ҳаёт йўқлик аро йўқлик томон ҳаракатланиш эканини янада равшан идрок этаман; «йўқотилган беҳисоб кунлар ва унутилган юзлаб чеҳралар ёдини яна қайта уйғотадиган хотиранинг хавфли ўсмаси» вужудимни кемира бошлайди; вақт эса ботинимдан дарё янглиғ бир маромда оқиб ўтаверади ва моҳиятан оқиб ўтаётган ана шу вақт оқимлари назаримда шиддат билан биёбондек ҳувиллаб қолган маҳзунҳол қалбимдаги муборак орзу-умидларга қўшиб тийнатимдаги жамики эзгу фазилатларни, яшаб ўтилган йилларда англанган ҳақиқат, маънавиятим таянчи бўлган мустаҳкам эътиқод ҳамда ўзимга бўлган қатъий ишончнинг мудофаа қўрғонларини ҳам яксон этиб оқизиб кетаётгандек, баногоҳ вужудимни изтироб чирмовуқлари чирмай бошлайди. Бинобарин, тўрт тарафимдан ҳазин руҳиятимни қуршаб олган қаттол ёлғизликнинг совуқ ва гунг девори елкаларимни харсангтошдай эзиб ётади ва ана шу соқов девор ичида банди этилганча исёнкор кечинмалар оғушида нажот туйнугини қидира бошлайман; умид ва ишонч борлиғимни буткул тарк этиши мени гўё айни лаҳзалардаёқ Яратган неъматларию руҳий осудаликдан мосуво ҳиссиз бир манқуртга айлантириб қўядигандек руҳим ларзага тушади. Бироқ мен энг эзгу ва инжа орзуларим барбод этилган дамларда ҳам умидли дунёда умидланаман, негаки «