Маънавий олам мусаввири - страница 12
Пушкин лирикасида 1817—1819 йиллар орасида ёзилган «Эркинлик» одаси ҳам катта қийматга эга.
Маълумки, лирик турнинг мазкур жанрида битилган шеър ва қўшиқларда улуғвор давр воқеалари, кишиларнинг қаҳрамонликлари, кўтаринки кайфиятлари мадҳ этилади.
Рус қалбини ларзага солган «Эркинлик» одасида Пушкин мағрур эрк куйчиси сифатида одамзод қалбидаги некбин туйғуларни, тенглик, адолат ва ҳақиқат ғояларини жўшқин кайфият билан тараннум этади. «Эркни улуғлайин бутун жаҳонга, Тахту тож қусурин топтайин бир-бир», – дея мардона ҳайқирган шоир золим подшоҳларни ҳар вақт адолатли бўлишга, ҳаётнинг мангу қонунларига амал қилишга даъват этади:
(«Эркинлик». 8—9 саҳифа. Миртемир таржимаси)
Баралла ҳайқирган шоир тимсолида ҳақиқат ва адолат ғоялари олам узра бонг урди, тожу тахт золимлари вужудини зир-зир титратди.
Дарҳақиқат, «Эркинлик» давр садоси, адолат ҳайқириғи эди. Шеърнинг қудратли таъсир кучи бутун Русияни ларзага солди; 1820 йилда эса шоир жанубга сургун қилинди. Эрк ва ҳақиқат ғояларини мардона куйлаган Пушкиннинг нотинч қалб садолари қасида хотимасида янада баланд жаранглайди:
Бўлажак шоир ўзи таҳсил олган Царское село императорлик лицейида Иван Пушчин, Антон Делвиг, Вилгельм Кюхельбекер каби илғор фикрли, чин дўстлар орттирган эди. У айрим шеърларида ижод муҳити ва ҳур фикрлар билан танишган талабалик даври, лицейдош қадрдон дўстларини хотирлаб, қалбида пайдо бўлган нозик ҳис-туйғулар, мураккаб кечинмаларни қаламга олади. Булар орасида «Царское село хотиралари» шеъри ифодаланган кечинмаларнинг теранлиги, ижтимоий-фалсафий моҳияти, маънавий-эстетик юки билан алоҳида ажралиб туради. Бунда тасвирланган латиф табиат манзаралари, ижтимоий-сиёсий ҳаёт воқеликларига фаол муносабат, орзу-умидлари, интилишлари, эрк ҳамда ватанпарварлик туйғулари ажиб оҳангда уйғунлашиб, китобхон онгини, қалбини битмас-туганмас фикр-туйғулар билан бойитади. Табиат манзаралари шоир ҳис-туйғулари, кечинмалари, ўй-фикрлари билан боғлиқ равишда чизилади:
(«Царское село хотиралари». 13 бет. Миртемир таржимаси)
Пушкин, аввало, буюк лирик шоир эди. Таъкидлаб ўтганимиздек, мафтункор рус табиатидан қалбида туғилган порлоқ ҳис-туйғуларнинг жонли образини яратади. Чунончи, табиат ҳодисалари асосий тасвир манбаи бўлиб хизмат қилган «Кавказ», «Қиш эртаси», «Куз», «Булут», «Учишган булутлардан» каби лирик шеърларида шоир руҳий дунёсида кўтаринки ҳис-туйғулар, ўткир фалсафий мушоҳадалар юзага келади ва ўқувчи қалбига, онг-шуурига кучли таъсир кўрсатади; таъсир доирасида ўқувчи шоирнинг ҳароратли ҳис-туйғуларини ва ўй-мушоҳадаларини шуурида қайтадан идрок этади; маънавий дунёсида аввал англашилмаган янги ҳис-туйғулар, ўй-фикрлар, кечинмалар жилва қилади: