Маънавий олам мусаввири - страница 13



«Қуёш нурларидан товланиб минг бор,
Серҳашам гиламдай ётар оппоқ қор,
Чексиз мовий осмон остида кўркам,
Қорайиб кўринар шаффоф бир ўрмон,
Ям-яшил арчалар унда бепоён,
Музларнинг тагида ярқирар сув ҳам».
(«Қиш эртаси». 97 саҳифа. Рамз Бобожон таржимаси.)

Табиийки, Пушкиннинг пейзаж лирикасида табиат манзаралари, ҳаёт ҳодисалари инсон манфаатлари, орзу-умидлари, интилишлари билан боғланиб, муайян ғоявий-композицион вазифани бажаради; қаҳрамонлар кайфиятини очишга ёрдам беради. Жумладан, «Куз» шеърида бироз ўзгача ҳолатга дуч келамиз.

Одатда, йилнинг бу фасли инсон руҳиятида, сезги-сезимларида дилгирлик, маъюслик кайфиятларини уйғотувчи ҳазин палла сифатида англашилади. «Ҳар фаслнинг ўз хислати бор» деганларидек, олтин куз ҳам кўп яхши жиҳатлари билан қалбимизда ҳаётга муҳаббат туйғуларини юксалтиради. Ҳолбуки, дилгир эсаётган куз еллари, шовуллаб оқаётган сой, шукуҳли табиатнинг хазони зарга ўраган ўрмон таровати, бундаги соф ҳаво, ел шовқинлари, тўлқин-тўлқин булутларга тўлган кўк юзи шоирни ошуфта этади, «Нимадир топар ундан ўжар хаёллар»…

Қалбида ҳамиша ёниқ истаклар порлаб турган, кўнгли ғоят таъсирчан шоирнинг севган фурсати шудир!

«Гул каби очиламан ҳар куз янгидан,
Рус совуғи ёқади менинг жонимга;
Ҳис этаман ҳаётга севги тағин ман,
Гал билан келар уйқу, иштаҳа менга,
Юракда қон оқди енгил ва хурсанд,
Орзу тошар, ёшартар, қувнатар мени,
Ҳаётга тўлиб кетдим, ўзим шунақа».
(Кечиринг, лузуми йўқ ёзган назмимни.)
(«Куз». 103—104 б. б. Миртемир таржимаси)

Равшан англашиладики, кайфият ва ҳиссиётнинг яхлит образлари ёрқин чизилган ушбу мисраларда лирик персонаж, яъни шоирнинг ўйлари, некбин кайфияти намоён бўлади; хаёлни ширин тасаввурларга бошлаган тотли сукунат қўйнида илҳом жўшиб, завқли таассуротлардан қалбда шеър туғилади, кўнгилда порлоқ умидлар жилваланади…

Пушкин – табиати исёнкор, маънавий-руҳий олами бой ва мураккаб шоирдир.

Ҳис-туйғулар ва фикрларнинг ҳиссий ифодаси лирик бўёқларда ёрқин акс эттирилган «Кавказ» шеъри пейзаж лирикасининг гўзал намуналаридан биридир. Юксакда, қорли қояларнинг ёқасида турган шоир нигоҳи Кавказ табиатининг бутун манзараларини қамраб олади. Пушкин тенгсиз ҳиссий қудрат кучи билан гўзал табиат манзараларини ранг-баранг туйғулар воситасида ёрқин тасвир этади; шеърдаги мусиқийлик ўқувчи руҳиятига, ҳиссиётига кучли таъсир кўрсатади, қалбида гўзаллик ва шодлик туйғуларини уйғотади:

Если вам понравилась книга, поддержите автора, купив полную версию по ссылке ниже.

Продолжить чтение