Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - страница 3
Энг муҳим муаммо сув танқислиги эди. Қирғизёпга учта насос ўрнатилиб дарахтлар, экинларни гуркираб ўсишига имкон яратилди. Кўмилиб қолган ариқлардан ҳам сувлар шарқираб оқа бошлади. Кўчатларга, йўлакларга файз кирди. Янги гулзорлар, хиёбонлар ташкил этилди. Катта кичик фавворалар ўрнатилди. Аль-Хоразмий кўчасининг икки ёнидаги йўлаклар таниб бўлмас даражада кўркам қиёфа касб этди. Нақшинкор, ихчам, бежирим плиталар йўлакларга тўшалиб, шаҳарликлар ва меҳмонлар пойи қадамида аввалгиларга ўхшамас ажойиб йўлак пайдо бўлди. Ҳаммасидан ҳам қувончлиси меҳмонлар бутунлай янгидан таъмирланган аэропортда кутиб олинди. Юбилей муносабати билан Ўрта Осиёда узунлиги жиҳатдан ягона «Урганч – Хива» троллейбус тармоғи ишга тушди.
Келажаги порлоқ шаҳар
Шаҳарнинг 350 йиллиги муносабати билан бунёдкорлик ишлари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом эттирилди ва қувонарли ишлар амалга оширилди. Бу борада янада серқирра тадбирлар белгиланди. Чунки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра яна икки улуғ сана Урганчда нишонланади. Миллий қаҳрамонимиз, буюк ватанпарвар Жалолиддин Мангубердининг 800 ва улуғ шоир ва аллома Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари воҳа маркази Урганчда байрам қилинади. Демак, бунёдкорлик, яратувчанлик, тенгсиз гўзалликлар кашф этиш яна жадал давом этади. Бу жабҳаларда меъморлар ўз зиммаларидаги масъулиятни сезганлари ҳолда олдинги сафларда борадилар. Муҳташам бинолар, сайлгоҳлар гулзорлар, хийбонлар яратишда ўзларининг бутун ижодкорлик қобилиятларини ишга соладилар.
Урганч яхши кунлар қўша юбилейлар шарофати билан янада улуғворлик, гўзаллик касб этиши шак шубҳасиздир. Бу шаҳри азимда Хоразм воҳаси, бинобарин аҳли ўзбек халқи мардлиги, ватанпарварлиги, яратувчанлигининг тимсоли она Тўмарис ҳайкали ҳам қад ростлайди. Аль-Хоразмий, Аль-Берунийдек буюк боболаримиз шарафига боғлар барпо этилади, уй – музейлари қад ростлайди. Рамзий мақбаралари бунёд этилиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилади. Усти ёпиқ бозор элдошларимиз, меҳмонлар хизматида бўлади.
Шовот ва Қирғизёп каналлари қайта таъмирланиб, атрофида сўлим оромгоҳлар ташкил қилинади. Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғида ҳам қатор қурилишлар, таъмирлаш ишлари амалга ошади. Кўчаларга, хиёбонларга рангли неон чироқлари, катта чиройли реклама кўргазмалар ўрнатилади. Урганч қўша юбилейгача ўзгача тароват, гўзаллик кашф этади.
Урганч асосчиси
Урганч марказида қад ростлаган бу ҳайкалга ҳамшаҳарларимиз ҳам, воҳа марказига ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам ўзгача меҳр, эътибор диққат билан назар ташлайдилар. Собиқ шўролар даврида бу ерда эл-у юртимизга алоқаси бўлмаган бошқа бир миллатига мансуб кишининг ҳайкали узоқ йиллар анча жойни эгаллаб турди. Унинг қилган ишларини ҳеч ким тилга олмади. Хоразм умуман Ўзбекистон ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган бу зотнинг ҳайкали, ниҳоят, истиқлолнинг илк йилиёқ кўздан йироқлашди. Ва энг муҳим, унитилмас, қувончли воқеалар шу бўлдики, бу ер кенгайтирилиб, атрофи гулзорга айлантирилиб, салобатли, улуғвор бир ҳайкал бунёд этилди. Бу ўзбек миллатининг жаҳонга танитишда, довруғини оширишда муайян тарихий хизматлар қилган улуғ инсон Абулғозий Баҳодирхоннинг ҳайкалидир.
Ҳайкал муаллифи Шавкат Усманов бу гал ҳам ўз истеъдоди, иқтидорининг янги қирраларини ёрқин намоён эта олган. Абулғозий Баҳодирхон отдан тушганича юртдошларга миннатдор боқиб, гўё ўз юртининг буюк келажагига пойдевор қўйишга ҳозирланаётгандай. Қўлида ўроғлиқ харита. Шубҳасиз бу ўзи асос солган янги Урганч харитаси. Ва унда акс этган истиқбол режаларини тезроқ амалга ошириш учун узоқ сафардан етиб келиб, юртида тўхтаб, отдан соғинч ва ишонч билан тушганича ҳалқига пешвоз чиқиш лаҳзаси бир умрга муҳрланиб қолгандай. Мен бу фикримни, машҳур хайкалтарош элдошим, фикрдошим, биз меъморларнинг энг яқин дўсти Шавкат Усмановга айтганимда у тўлқинланиб шундай деди;