Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - страница 4
Тўғри англабсиз. Мен Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон сиймосини яратиш устида узоқ изландим. Ўн еттидан ошиқ эскизлар тайёрладим. Улардан бирида Абулғозийнинг отнинг устида турган пайти ҳам тасвирланган эди. Лекин мен кўп ўйланиб бу фикримдан воз кечдим. Ўзбекистонда ва бошқа юртларда от устида турган инсонлар сиймоси гавдаланган ҳайкаллар бор. Шулардан нусха бўлиб қолмасин дедим. Сиз айтгандай, юрт эгаси, буюк хон отдан тушиб, элдошлари, ҳалқига пешвоз чиқиб, уларга яхши бир хуш хабар айтишга шошилаётган лаҳзасини яратишга жазм қилдим. Бу бадиий кенгаш аъзоларига ҳам раҳбарларимизга ҳам маъқул тушди. Агар оз бўлсада мен шундай улуғ элдошимиз сиймосини яратишга ҳисса қўшган бўлсам ўзимни беҳад бахтиёр ҳисоблайман.
Мен олим меъмор сифатида бу ҳайкал шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб ҳуснига холдай ярашиб турганлигини ҳис қиламан. Ҳар гал ҳайкал ёнидан бефарқ ўта олмайман. Унга синчков нигоҳ ташлайман. Улуғворлик, салобат, юртга меҳр, янги бунёдкорлик ишларига даъват, ҳамма-ҳаммаси ҳайкалда мужассам. Унга боқиб, машҳур элдошимиз ҳақида мушоҳадага бериламан: Абулғозий Баҳодирхон Хоразмнинг мард жасур фарзанди. Моҳир лашкарбоши, зукко олим, теран фикрли тарихчи. У асосий бойлик – ҳалқнинг сиҳат-саломатлиги деб билган. Шу боис шоҳ бўлсада табиблик билан ҳам ном таратган. Ҳалқ табобатига оид тўрт қисмдан иборат «Манофи ул инсон» рисоласини ёзиб қолдирган. Унда шифобахш гиёҳларни экиш, парвариш қилишдан тортиб, улардан турли дори-дармон тайёрлашгача батафсил зикр этилган. Бу асар ҳозирги замон тиббиётида ҳам энг нодир қўлланма ва йўлланмалардан бири сифатида ўқиб ўрганилмоқда, ундаги қимматли фикрлар ҳаётга тадбиқ этилаяпти.
Хоразм тарихчилик мактабига асос солган ҳукмдорлардан бири ҳам Абулғозий Баҳодирхондир. У 1661 йилда «Шажараий тарокима», орадан уч йил ўтгач, яъни 1664 йилда ёзган «Шажараий турк» асрларида ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, туркман ва бошқа туркий ҳалқлар тарихини чуқур тадқиқ этди.
«Шажараий тарокима» да туркларни афсонавий ҳукмдори ҳисобланган Ўғизхон, унинг авлод-аждоди, туркман уруғларининг келиб чиқиши ихчам ва ёрқин ёритилган. «Шажараий турк» асарида эса Одам атодан то ўз замонасигача бўлган тарихий воқеалар, айниқса Чингизхон, ундан кейинги давр тарихи ҳар томонлама изчил қаламга олинган.
Ҳукмдор тарихчи томонидан битилган асарлар ҳаяжон билан ўқилади. Китобхоннинг кўз ўнгида ўтмиш лаҳзалари жонланади. Ота-боболаримизнинг нимага қодир эканлиги ёққол намоён бўлади. Тарихий шахслар ҳақида фикр юритар экан, китобхонни зериктирмаслик, аксинча уни асарга янада яқинлаштириш учун бадиий воситалардан кенгроқ фойдаланилади. Мен ҳам бу китобларни қайта-қайта мутолаа қилганман.
Абулғозий Баҳодирхон асарлари Шарқ, рус ва Ғарбий Европа тарихчи олимларини ҳам диққат эътиборини тортган. Бу асарлар бошқа тилларга қунт билан таржима қилинган. 1993 йилда хизмат юзасидан Германия сафарида бўлганимда Манхайм шаҳридаги кутубхонада Абулғозий Баҳодирхоннинг немис ва инглиз тилларига ўгирилган ўша машҳур икки асарини кўрганимда фахрга, қувончга тўлганман.
Бу адолатпарвар, элпарвар элдошимиздан ҳозирги даврда ҳам, бундан кейин ҳам ибрат олса арзугулик фазилатлар бисёр. Чунончи у Шовот Ғознобод, Полвонёп, Қиличбой каналларини қайта таъмирлашга ўзи бош-қош бўлди. Янги ариқлар қаздирди. Бу билан ХУ1 асрнинг 70 йилларида Амударё оқимининг ўзгариши билан Хоразмнинг шимолий қисмида юз берган сув танқислигининг ҳам олди олинганлиги тарихдан маълум. Хуллас, бу ҳукмдор ҳиммати билан қилинган хайрли ишлар Хоразм воҳасининг тараққий топа бориши, гуллаб яшнашига ҳисса бўлиб қўшилди.