Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - страница 12
Бундай фикрларни бошқа синфлар учун ҳам билдириш мумкин. Жумладан 6-синфда маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси қисмида асосан юбка тикиш ишларини бажариш кўзда тутилган ва бунга жами 18 соат вақт берилган. Бу мавзуларни ўрганишда ҳам чизмачиликка оид тушунчалардан фойдаланишга ҳамда ўқувчиларнинг эътборини модельер, дизайнер каби касбларга қаратишга тўғри келади [134, 135, 142]. 7-синфда ҳам мазкур қисм бўйича асосий эътибор аёлларнинг миллий либосларига қаратилган ва бу ишларни ўрганишга жами 16 соат вақт ажратилган. Бу ишларда юқоридаги таклифлар билан бирга миллий кийимлар ҳақидаги тарихий маълумотлардан фойдаланишни таклиф қиламиз [107, 119].
5-7-синфларда ўтиладиган технология ва дизайн йўналиши бўйича ҳам
айрим таклифларни билдириш мумкин. Фикримизча, бунда асосан учта ҳолатни ажратиб кўрсатиш зарур. 1-ҳолат – дастурда 5-7-синфлар кесимида уй-рўзғор буюмлари ясаш, ёғочга ва металга ишлов бериш бўйича халқ ҳунармандчилигига оид иш усулларини ўрганиш ва буюмлар тайёрлаш каби мавзулар киритилган. Бунда айнан қайси буюм, қайси ҳунармандчилик, қайси иш турларини ўрганиш аниқ кўрсатилмаган, уларни танлаш ўқитувчига ҳавола қилинган [209; 29-30-б.]. Бу бир томондан ўқитувчиган қулай, яхши бўлиши мумкин. Лекин, иккинчи томондан, турли ҳудудларда ўқитувчилар ўзлари билганларича иш юритишлари сабабли дастурнинг мазмуни ўзгариб кетиши ҳам мумкин.
2-ҳолат: дастурда кўп ҳолларда уй-рўзғор буюмлари (масалан, ўқлов,
нон тахта, чекич, жува ва ҳ.) тайёрлаш кўзда тутилган. Бироқ, тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳар доим ҳам ўқувчиларда бундай уй-рўзғор буюмларини тайёрлашга қизиқиш бўлавермас экан. Балки уларда автомобиль, самолёт, кема, ракета, поезд каби кўринишлардаги буюмларни тайёрлашга бўлган қизиқиш кўпроқ эканлиги маълум бўлди. Шунинг учун биз технология фанидан 6-7-синфлар учун ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлашда мана шу ҳолатларни ҳисобга олдик [112, 128, 129, 136, 137, 145].
3-ҳолат: 5-7-синфларда элктротехника ишлари бўлими мавжуд бўлиб, дастурга асосан бунда ўқувчиларга электр энергияси, уни ҳосил қилиш ва узатиш, электр истеъмолчилари, улардан фойдаланиш, ХТҚ, элетротехника соҳасига оид касблар ҳақида маълумот бериш, айрим иш турларини ўрганиш
кўзда тутилган. Бироқ, айниқса, 5-синфда ўқувчилар бундай маълумотларга расмий равишда биринчи марта дуч келадилар. Шунинг учун ўқитувчи томонидан бундай маълумотларни ўқувчиларга етказиш осон бўлмайди. Шу сабабли бу машғулотларда ўқитувчи ўқитишнинг турли фаол усулларидан унумли фойдаланишига тўғри келади [99, 100, 101].
Биринчи боб бўйича хулоса
Маълумки, Республикамиз давлат мустақиллигига эришгандан кейин барча соҳалар каби таълим тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди ва ошириб келинмоқда. Жумладан умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган ўқув фанларни ўқитиш ишларида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Шу жумладан технология фанини ўқитиш ишлари ҳам мазмунан модернизация қилинди, янги ўқув дастурлари ва ДТС лари, янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди, ҳатто фаннинг номи ҳам ўзгарди. Шу сабабли мазкур бобда умумий ўрта таълим мактабларида технология ўқув фанини ўқитишнинг ҳозирги аҳволи, амалдаги ўқув дастурлари ва ДТСлар мазмуни мухтасар ҳолатда таҳлил қилинди. Чунки бирор соҳада тадқиқот олиб боришдан аввал шу соҳадаги сўнгги ўзгаришларни, уларнинг самарасини ўрганиш, ҳисобга олиш катта аҳамията эга.