Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - страница 13



Ҳеч иккиланмасдан шуни алоҳида айтиш мумкинки, ўқувчиларни касб танлашга йўналтиришда, мустақил ҳаётга тайёрлашда технология ўқув фанининг аҳамияти катта. Чунки бу фанни ўрганиш жараёнида ўқувчилар турли материаллар (ёғоч, пластмасса, метал, газлама, озиқ-овқат маҳсулотлари) нинг турлари, хусусиятлари, уларга ишов бериш усуллари, ишлов беришда қўлланиладиган асбоб-ускуна ва мосламалар билан танишадилар, амалий машғулотларда улардан қандай фойдаланишни ўрганиб оладилар. Бундан ташқари халқ ҳунармандчилиги, электротехника ишлари ва электроника асослари, таъмирлаш ишлари билан ҳам танишадилар, бу соҳаларда ҳам зарару блган билим ҳамда кўнималарга эга бўладилар.

Мана шу мулоҳазалардан келиб чиқиб ва биринчи бобда ёритилган материаллар асосида қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:

1. Технология фани ўқувчиларни амалий ишлашга ўргатишда, ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришда, касб танлашга йўналтиришда, ўзларига мос касбларни танлашда, шу орқали уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда катта имкониятларга эгадир. Шу сабабли технология ўқув фанини ўқитишнинг мазмунини, методикасини фан-техника ва ишлаб чиқариш (технология) тараққиётига мос равишда ўзгартириб бориш – бир томондан давр талаби бўлса, иккинчи томондан ижтимоий буюртмадир.

2. Юқорида таъкидланганидек, технология ўқув фани узоқ муддат, яъни биринчи синфдан то охирги синфгача бўлган давр ичида ўқитилади. Бундан кўзланган асосий мақсад – ўқувчиларни ақлий ва жисмоний томондан тўғри ривожлантириш, меҳнат олами ва меҳнат кишилари, меҳнат қуроллари ва амаллари, асосий ишлаб чиқариш соҳалари ва касблар билан таништириш, иш қуролларидан фойдаланиш, оддий буюмларни ясашга оид меҳнат малакаларини ҳосил қилиш, онгли равишда касб танлашга йўналтиришдан иборат. Бу ишларни мактабда шартли равишдв уч босқичда амалга оширилади, бу босқичларнинг ҳар бирини олдига қўйилган аниқ вазифалар мавжуд бўлади. Жумладан, 1-босқичда 1-4-синфлардаги технология фани дарсларида ўқувчиларга кишиларнинг ҳаётида меҳнатнинг тутган ўрни, энг содда меҳнат амаллари ва иш қуроллари, улардан фойдаланишга оид дастлабки маълумотлар берилади. Қоғоз, елим, газлама, ип, пластилин каби материаллардан игна, қайчи, пичоқ каби меҳнат қуроллари ёрдамида содда буюмлар, ўйинчоқлар ясаш, тайёрлаш орқали уларда дастлабки меҳнат кўникмалари шакллантирилади.

2-босқичдаги технология фани дарсларини V—VII синфлардаги технология фани дарслари ташкил этади. Бу босқичдаги технология фани дарслари Технология ва дизайн, Сервис хизмати йўналишларида ташкил этилади (бўлинмайдиган синфлар эса умумлашган йўналиш бўйича ўқитилади). V—VII синфлардаги бу машғулотларда ўқувчиларга ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинлари бўлган ёғоч, пластмасса ва полимер материаллар, металл, газламаларга ишлов бериш ва таом тайёрлаш, электротехник ишлар ва таъмирлаш ишларига оид дастлабки умумий билимлар берилади, меҳнат кўникмалари ҳосил қилинади. Булар ишлаб чиқаришнинг энг муҳим кўринишлари бўлиб, деярли ҳамма соҳаларда қўлланилади. Шу сабабли ўқувчиларга бу соҳаларга оид маълумотлар бериш ва меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш орқали улар келгусида бирор касбни онгли равишда танлашга йўналтирилади.

3-босқичдаги технология фани дарслари VIII—IX синфларда олиб бориладиган технология фани дарсларидан иборат бўлиб, бўлиб, бу халқ ҳунармандчилиги технологияси, ишлаб чиқариш ва рўзғоршунослик асослари, электроника асослари, ижодий лойиҳа тайёрлаш технологияси, касб танлашга йўллаш бўлимларидан ташкил топган. Бунда ўқувчиларга асосан касб турлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, касб танлашда нималарга эътибор бериш зарурлиги ҳақидаги маълумотлар ўргатилади. Бу касблардан қайси бирини танлаш ўқувчиларнинг ўзларига ҳавола этилади [72; 6-б.].