Алламжонов айбдор - страница 7



Берунийда соат тунги ўн иккидан кейин жамоат транспорти қатнамас, Қорақамишга6 етиб олиш учун таксичилар турган «питак»ка келардим. Охирги манзил – Тансиқбоев кўчаси, тўрт йўловчи йиғилмагунча, машина юрмайди. Мен олдинги ўриндиққа жойлашиб, совуқ кунлари печкани ёқишни сўрардим ва рюкзагимни қучоқлаганча бошқаларни кутиб ухлаб қолардим. Такси бирпасда тўларди.

Кўпинча охирида мен қолардим. Ҳайдовчилар ҳар сафар: «Тансиқбоевгача дегандинг-ку, туш энди!» – деб мен билан тортишар, мен эса яна икки юз метр юришим керак эди. Қаттиқ чарчаганимдан «Сал нарироққа ташлаб қўйинг, ака» – деб ялинардим.

Ухлашдан ҳам кўра тезроқ овқатлансам, дердим. Ўн икки йўлакли уйимиз узоқдан кўзимга каттакон бўлка нон бўлиб кўринарди. Хаёлан устига икки паррак Юсупов памилдоридан қўйиб, туз сепардим.

Ишдан эртароқ чиқсам, троллейбусда кетиб, кейин яна икки бекат пиёда юрардим. Мактабнинг ёнидан шошмасдан ўтардим, лекин панжара тугаб, қабристон девори бошланганда югуришга тушардим – атроф ваҳимали, қоп-қоронғи, салгина шитирлаган товушдан юрагим ёрилай дейди. Югурганим яхши.

Ойим қорнимни тўйдириш учун ишдан келишимни албатта пойлаб ўтирардилар. Икки хонали уйда олти киши – адам, ойим, бувим, икки синглим ва мен яшардик.

Биз – болалар бувим билан битта хонада, ерга кўрпача тўшаб ухлар эдик. Бувим менга дуо қилишни ўргатганлар. Ҳар куни ухлашдан олдин қиладиган дуолари хотирамга қаттиқ ўрнашиб қолган. Маъносини тушунмасдим-у, барибир қандайдир хотиржам бўлиб қолардим. Кейин эса ўз билганимча, деразага, юлдузларга қараб дуо қилардим. Худо энг ёруғ юлдуз томонда, У мени аниқ кўриб турибди, менга ёрдам беряпти, яқинда бой, машҳур ва бахтли бўлиб кетаман, деб қаттиқ ишонардим…

Лекин ҳозирча ҳар куни эрталаб МТРК эшигида сарғайиб, кимдир мени ўзи билан олиб кириб кетишини пойлардим. Менга ҳатто ичкарига кириш учун рухсатнома ҳам берилмаган, шунинг учун доим кимнингдир этагига осилиб олардим. Сабрим чидамай, ичкарига қўнғироқ қилсам, «Давр»нинг масъул котиби Дилшод ака менга бобиллаб берарди: «Қўнғироқ қилаверма! Ҳамманинг жонига тегиб кетдинг! Ўшатта кутиб ўтир!» Майли, умри узоқ бўлсин. Лекин шу гапларни ўқисин, бир пайтлар мени ҳатто рухсатномагаям лойиқ кўрмаган эди. Ҳалигача алам қилади. Унданам ёмони, маош бериладиган куни «Давр»нинг ҳамма ходимлари етмиш минг, юз минг сўмлаб олиб, чўнтагини тўлдириб кетишар, менга эса бир ярим-икки минг сўм тегарди. Директоримиз, агар иложи бўлганида, телестудиянинг табаррук полини оёқости қилганим учун ёнимдан тўлаттирармиди, деб ўйлаб қоламан.

Кейин мени ФВВ матбуот хизматига ишга чақиришди. Бу ҳаётимдаги биринчи ҳақиқий омад эди. ФВВ биноси шаҳарнинг қоқ марказида, ҳозирги Сенатнинг ўрнида жойлашганди. Бу вазирликка кириш ҳам худди МТРК биносига киришдек қийин бўлган. Очиғи, мен «Давр»дан ҳечам иккиланмай, жон деб кетдим. ФВВдан гувоҳнома, форма беришди, бош мутахассис лавозимига тайинлашди. Қанчалик омадим келганини хаёлга ҳам келтириш қийин – мен ўша пайтда ўзбошимчалик билан «зачётка»га баҳо қўйганим учун институтдан ҳайдалгандим.

МТРК аппарат студиясида «Солиқ хизмати» кўрсатувини ёзиб олиш жараёни.

Мен ўқимоқчи бўлган ЎзМУ журналистика факультетига кириш қийин, конкурс катта эди. Киришимга кўзим етмади, тинчгина Санъат институтининг режиссёрлик факультетига ҳужжат топшира қолдим. Режам оддий эди – бир йил ўқиб, кейин журфакка «перевод» қиламан. Ўқишга киришдан кўра кўчириш осонроқ. Ректорнинг менга муносабати жуда яхши эди, аммо иккита фандан куз-га қолдим. Биттасини-ку, курсдошим Дилмурод билан амалладик – баҳо қўйиб беришга домлани кўндирдик. Буям лекин осон бўлмади. Чунки худди шу одам мени деб декан ўринбосари лавозимидан олиб ташланган ва оддий ўқитувчи қилиб қўйилган эди. Мен унинг ичиб юришини ректорга чақиб берганман. Шунда ҳам домла менга ёрдам берди. Саҳна нутқи фанини эса «ёполмай» қолдим. Ўқитувчи опахон дам олишга кетибди. Шу фандан баҳо олмасам, ўқишни кўчириб бўлмас экан.