Алламжонов айбдор - страница 8



Сомсахонада ўртоғим билан «зачётка»ларимизга бирпас қараб ўтирдик. Мен сомсадан бир тишлаб, дафтарчага «уч» баҳони ўхшатиб чиздим. Сомсага қўшиб инсофниям еворганим йўқ, «беш» эмас, «уч» қўйдим, холос. Кейин ўртоғимга ҳам боплаб чизиб бердим. Ўзимизча, бу аёлнинг ҳам болалари бордир, бизни тўғри тушунса керак, тақдиримиз ҳал бўляпти-ку, келганида ҳаммасини очиқ айтиб берамиз, у бизни кечиради, дебмиз. Ҳужжатларни топширдик. Буёғига буйруқни кутиш қолди.

Иккинчи сентябрь куни опанинг олдига бордик. Гапни узоқдан бошладим: оилада ёлғиз ўғиллигим, ота-онам мени одам бўлсин деб, ТошДУга7 киришимни бир умр орзу қилгани…

– Нима демоқчисан? – сўради Хатира опа.

– Биз ўқишни кўчирмоқчи эдик. Сиз дам олишга кетган экансиз. Шунга, номингиздан ўзимизга «уч» баҳо қўйиб… Узр энди, опа…

Тўғрисини айтсам, Хатира опанинг бунчалик жаҳли чиқишини кутмагандим. Худди мен «зачётка»га баҳо эмас, васиятномасига қалбаки имзо қўйгандек, бирданига портлаб кетди.

– Бу нимаси, Комилжон? Ахир бу жиноят-ку! Ноқонуний иш қилгансиз!

Хатира опа гапиргани сайин нима қилиб қўйганимни, қалбаки «уч» арзимаган нарса эмаслигини тушуниб ета бошладим. У бизни ректорнинг ёнига судраб борди. «Агар бу икковини ҳозироқ институтдан ҳайдамасангиз, мен кетаман!» – деб шарт қўйди. Қаттиқ туриб олди. Чунки талабанинг, устига устак келажакда мафкурани белгилайдиган талабаларнинг ёлғонини кечириб бўлмайди. Шунча ялинсак ҳам, опа кўнмади. Икки оёғини бир этикка тиқволди. Пул ҳам, таниш-билиш ҳам ёрдам бермади.

Онамни чақиртириб, шартта: «Ўғлингиз институтдан ҳайдалди», – деб эълон қилишди. Ўша ернинг ўзида ҳушларидан кетиб қолмасинлар ишқилиб, деб қўрқиб турдим.

Ойим билан Космонавтлар хиёбонидан жимгина юриб кетяпмиз. Кайфият расво. Секин гап бош-


ладилар:

– Майли, Комилжон. Билдим, сендан катта одам чиқмас экан. Ўзи рабочийнинг боласи рабочий бўлар экан-да. Ҳечқиси йўқ, ҳозир адангнинг ишхоналарига борамиз, сени ўзларига ёрдамчи қилиб оладилар. Ҳунарли бўлиш ҳам яхши нарса. Мошина тузатиб нон топасан.

Ундан кўра тарсаки туширганлари минг марта яхши эди. Онамнинг бор умидлари мендан, менга ишонардилар. Мен бўлсам шуни билиб туриб, панд бердим.

2002 й.

Мана энди чаламулла талабани вазирликка ишга олишяпти. Хатира опадан кўпам хафа бўлмадим. Бу воқеадан катта сабоқ олдим, қайсидир маънода ўсишимга ҳам шу сабаб бўлди. Энг асосийси, ёлғон эртами-кечми фош бўлишини вақтида тушуниб етдим. Ёлғонни ичингда сақлаб, қачондир ошкор бўлишидан қўрқиб яшагандан кўра, қилмишингга яраша ўша заҳоти жазо олган яхшироқ экан. Бошида ФВВ формасида, гувоҳномамни кўтариб Хатира опанинг олдига бормоқчи бўлиб юрдим. «Мана, ким бўлганимни бир кўриб қўйинг…», —дегим келарди. Вақт ўтиб, менинг келажагимга айнан Хатира опа туртки берганини тан олдим. Устознинг олдига анчадан кейин бордим. Нималарга эришганимни гапириб бердим. Лекин суҳбатимиз умуман бошқа оҳангда бўлди.

ФВВ матбуот хизматида. «Қамчиқ» махсус қидирув-қутқарув бошқармаси фаолияти ҳақида репортаж тасвирга олиняпти.

У вақтда эса мендан бахтли одам йўқ эди. Ҳамма орзуларим ушала бошлаган, олдинда мени омадли парвоз кутаётгандек эди.

Бу шиддатли парвоз тўққиз йил давом этди. Шун-ча йил ҳар битта икир-чикирга эътибор берадиган, талабчан перфекционистнинг қўл остида жонимни бериб, байрам, дам олиш нималигини билмай ишладим. Ё ҳаммасини қойил қилиб қўясан, ёки умуман керагинг йўқ. Ўшанда бир нарсани сезганман – ўзимга душман орттиришга уста эканман. Бу «фазилатим»дан умр бўйи қутулолмадим.